Янги энергетика мажмуаси Шинжон-Уйғур автоном ҳудудининг Ҳами туманида барпо этилган бўлиб, умумий қуввати 1000 мегаваттни ташкил этади. У 900 мегаваттли фотоэлектрик қуёш панеллари ва 100 мегаваттли концентрланган қуёш электр станциясидан иборат.
Лойиҳанинг асосий инновацияси энергияни аккумуляторларда эмас, балки эритилган туз кўринишида иссиқлик сифатида сақлаш технологиясидир. Қуёш нурлари таъсирида 550 даражагача қиздирилган эритилган туз махсус резервуарларда сақланади. Қуёш ботгач, ушбу иссиқликдан буғ ҳосил қилиниб, турбиналар орқали электр энергияси ишлаб чиқариш давом эттирилади.
Бу тизим туфайли 100 мегаваттли концентрланган қуёш блоки қуёш ботганидан кейин яна 8 соатгача ишлай олади. Мутахассислар таъкидлашича, тунги ишлаш имконияти бутун 1000 мегаваттли мажмуага эмас, айнан ушбу иссиқлик блокига тегишли.
Станция Тян-Шан тоғлари жанубий этакларидаги 1817 гектар майдонни эгаллаган. Концентрланган қуёш қисмида 260 мингта ҳаракатланувчи ойна қўлланилган бўлиб, улар 800 минг квадрат метр майдонда қуёш нурларини бир нуқтага жамлаб, иссиқлик энергиясини ҳосил қилади.
CTG маълумотига кўра, лойиҳада такомиллаштирилган Френел чизиқли акс эттиргичлари технологияси қўлланган. Янги конструкция иссиқлик энергиясини электрга айлантириш самарадорлигини анъанавий тизимларга нисбатан тахминан 10 фоизга оширади. Шунингдек, станция 46 та мустақил контурдан ташкил топгани боис, айрим қисмларда таъмирлаш ишлари бутун мажмуани тўхтатмасдан амалга оширилиши мумкин.
Фотоэлектрик ва иссиқлик блоклари ягона марказлаштирилган бошқарув тизими орқали мувофиқлаштирилади. Бу электр тармоғидаги частотани тахминан 0,02 герц аниқлик билан ушлаб туриш ва бир сониядан кам вақт ичида юкламаларга жавоб қайтариш имконини беради.
Станция расман 2026 йил 1 июлдан тижорий синов режимида ишлай бошлаган бўлса-да, у илк бор 2025 йил 18 сентябрда миллий электр тармоғига уланган ва шундан буён деярли узлуксиз ишлаб келмоқда. Шу вақт ичида у ҳудудий тармоққа 6,54 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берган.
Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан кейин ҳар йили 2,07 миллион мегаватт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши режалаштирилган. Бу ҳажм тахминан 830 мингта хонадоннинг йиллик эҳтиёжини қоплаш учун етарли ҳисобланади. Шунингдек, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори йилига 1,63 миллион тоннага қисқариши кутилмоқда.
Хитой энергия соҳасида янги жаҳон рекордини ўрнатди
13:50 / 13.07.202631 1584 мин
Хитойнинг China Three Gorges Corporation (CTG) компанияси Гоби чўлида дунёдаги энг йирик гибрид қуёш энергетика мажмуасини тижорий синов режимида ишга туширди. Мажмуанинг ўзига хос жиҳати шундаки, у литий-ион аккумуляторларсиз ҳам қуёш ботганидан кейин бир неча соат давомида электр энергияси ишлаб чиқара олади.









