Технология | 23:59 / 12.07.2026
1084
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар телефонларидан кўра электромобилларини тезроқ янгилашмоқда

Технологиялар тез такомиллашиб бораётгани сабабли икки-уч йил аввал ишлаб чиқарилган моделлар янгиларидан анча ортда қолмоқда. Шу боис кўплаб ҳайдовчилар электромобилларини янгисига алмаштиришга қарор қилмоқда.

Фото: AP

Хитойда электромобилларнинг ўртача ёши 1,8 йилга, оддий ички ёнув двигателли автомобилларники эса 8,2 йилга тенг, деб хабар берди China Press газетаси Хитой автомобилсозлар ассоциацияси ва Hejun Consulting компанияси қўшма ҳисоботига асосланиб.

Қайд этилишича, аккумуляторлар, электр моторлар, бошқарув электроникаси ва бошқа технологияларнинг тез такомиллашиб бораётгани сабабли икки-уч йил аввал ишлаб чиқарилган моделлар юриш масофаси, қувватланиш самарадорлиги ва ҳисоблаш имкониятлари бўйича янгиларидан анча ортда қолмоқда. Шу боис кўплаб ҳайдовчилар электромобилларини янгисига алмаштиришга қарор қилмоқда.

Bloomberg маълумотига кўра, электромобилларнинг ўртача ёши ҳатто мобил телефонларни алмаштириш давридан ҳам паст. Бундан ташқари, уларнинг қолдиқ қиймати тез пасаяди: уч йилдан сўнг электромобил дастлабки нархининг атиги 43,35 фоизини сақлаб қолади.

Март ойида Umicore компанияси бош директори Матиас Мидрайх Financial Times нашрига берган  интервюсида АҚШ автомобил ишлаб чиқарувчилари электромобилларни сотишда қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда Хитой бозори ўсишда давом этаётганини таъкидлаганди.

Унинг сўзларига кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар техник жиҳатдан рақобатчиларникидан қолишмайди ва нархи ҳам анча арзон.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид