Ўзбекистон | 18:00 / 18.11.2018
7307
2 дақиқада ўқилади

Юнусобод туманида ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга тушади

Яқин кунларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга туширилиши кутилмоқда, деб хабар берди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Хабар қилинишича, Хитой тиббиёт марказига бугунга келиб 20 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, 300 та иш ўрни ташкил этилиши назарда тутилган. Марказда шарқ табобатининг синовдан ўтган даволаш услублари ва ғарб тиббиётининг илғор ютуқларидан фойдаланилади.

Бугунги кунга келиб дори препаратларининг 8 хил кўринишдаги (таблеткалар, капсулалар, суюқ кўринишдаги ва б.) турларини ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи қуриб битказилди. Завод юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.  У GMP (Good Manufacturing Practic – дори воситалари, тиббиёт ускуналари, диагностика жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш меъёрлари, қоидалари ва кўрсатмаларини мужассам этган халқаро тизим бўлиб, маълум препарат яратилганида белгиланган талабларга мос равишда ҳамда мазкур препаратни рўйхатдан ўтказувчи органнинг талаблари асосида препарат ишлаб чиқарилишини таъминлайди) талабларига мослиги билан аҳамиятга молик. 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Ҳозирда 6 минг квадрат метр майдонга эга 4 қаватли тиббий диагностика марказининг корпуси ва учта меҳмонхона биносининг қурилиши якунланмоқда.

Завод қурилиши импорт ўрнини босувчи генерик дориларни ишлаб чиқариш ва уларнинг таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Фармацевтик компанияларда ишлаётган маҳаллий техник кадрларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш, замонавий ташхислаш жараёнига хорижий клиникаларнинг етакчи мутахассислари иштирокида консалтинг хизматларини ташкиллаштириш ҳам марказ олдига қўйган вазифалардандир. 

Шунингдек, клиника жойлашган ҳудудда яшовчи ижтимоий қийналган 100 та оилага ҳар йили бир марта енгиллаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш ҳам режалаштирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид