Фан-техника | 23:51 / 19.11.2018
17511
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги Давлат хизматлари марказида робот хизмат кўрсатмоқда

Бухорода янги Давлат хизматлари марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 1 764 квадрат метр майдонли икки қаватли бинода Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Бухоро шаҳри Давлат хизматлари маркази жойлашган.

Бухоро шаҳри Давлат хизматлари маркази корпоратив услубда безатилган бўлиб, бутун зал бўйлаб ўрнатилган белгилар, хизматларни онлайн тарзда олиш имконини берадиган инфокиосклар, у ёки бу давлат хизматини олиш тартибини, электрон навбат талонини олиш, қайси ойнага мурожаат этиш кераклигини тушунтиришга ҳамиша тайёр маслаҳатчилар, замонавий ресепшн, шунингдек, янада яхшиланган кутиш жойларини ўз ичига олади.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бу ерда лифт ва эскалатор ҳам мавжуд. Бундан ташқари, она ва бола хонаси, тиббий пункт, давлат божини тўлаш учун касса, давлат хизмати кўрсатиш жараёнини ва навбат рўйхатини намойиш этадиган мониторлар ҳамда нақд пул ечиш учун банкомат мавжуд.

Имкониятлари чекланган шахслар учун бу ерда тегишли аравача ва пандус ўрнатилган.  

Бепул WiFi га уланиш, кутиш вақти янада мазмунли ўтиши учун яратилган электрон кутубхона, шунингдек, давлат хизматларини олиш жараёни ҳақида сўзлаб берадиган робот эса биринчи бўлиб Бухоро Давлат хизматлари марказида жорий этиладиган новациялардандир.

Марказда илк бор автомобиль рақамларини бериш хизмати синовдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, бу ерда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, биометрик паспорт олиш, ФҲДЁ ва нотариал органлар хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Умуман олганда, ташриф буюрувчилар учун 88 та қабул ойналари ва 100 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Мавзуга оид