19:47 / 20.11.2018
13784

Ўсмирлар орасидаги суиқасд ҳолатлари. Жамият зиммасидаги жавобгарлик

Шундай мавзулар борки, улар хусусида ёзиш ҳам қийин. Ёзсанг ҳам ўзингни айбдордек сезасан киши. Лекин ёзмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ўз жонига қасд қилиш муаммоси мана шундай қалтис мавзулардан ҳисобланади. Мазкур суҳбатда айни шу қалтислик лангар чўпи орқали мувозанатни тутиб мулоҳаза юритишга интилдик. Поп тумани бош имом хатиби Адҳамжон Абдураҳмонов саволларга жавоб берди.

- Домла, ўз жонига қасд қилган ўсмирлардан бир нечасининг оиласи, юриш-туриши, иқтисодий аҳволи, қўни-қўшни ва ёр-биродарлари билан муносабатларини ўрганганимизда, ғалати ҳолатга дуч келдик. Уларнинг аксариятида оила фаровон, ҳеч қандай иқтисодий ёки молиявий муаммо йўқ, турли маиший келишмовчиликлар ҳам кузатилмаган. Шундай бўлса-да, улар ўз жонларига қасд қилишган. Нима учун улар шундай ишга қўл урган деб ўйлайсиз? Бунинг сабаблари нимада?

- Аслида барча самовий динлар қатори муқаддас ислом динида ҳар бир банданинг, айниқса мўмин кишининг ҳоҳ яхши, солиҳ бўлсин, ҳоҳ гуноҳкор бўлсин умри узоқ бўлиши улуғ неъмат ҳисобланади. Чунки солиҳ инсон бўлса, савоби кўпайиб, кўплар ундан манфаат топади. Гуноҳкор бўлса тавба қилиб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид қилинади. Шунинг учун ҳар бир дунёга келган инсон то ўз ажал соати етмагунча яшаб, ҳаёт қувончлари-ю ташвишларидан баҳраманд бўлиши керак. Тўғри, ўз жонига қасд қилишдек катта гуноҳ ҳисобланган жиноят содир бўлган оилаларда ҳеч бир камчилик йўқдай кўринади. Ҳақиқатда эса оилада шундай ҳолат келиб чиқиши учун сабаблар етарлича бор бўлади. Келинг, аввало шу ўз жонига қасд қилишга сабаб қилиб кўрсатиладиган ҳолатларни санаб ўтсак. Диний тушунчаларнинг ўта саёзлиги, билимсизлик, тўқчилик, йўқчилик, шаҳвоний ёки нафсоний муҳаббат, ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими деб ўйлаш ёки шунга туртки (ўйинлар «Кўк кит ўйини») бериш, ўлимнинг ҳақиқатини, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва жаннат роҳатлари, дўзах азоблари борасида эътиқод сустлиги ва албатта руҳий хасталик. Қайси бир оилада ўз жонига қасд қилиш ҳолати юз берган бўлса албатта юқоридаги сабаблардан бири ёки иккитаси албатта топилади. Демак, ушбу ҳолатларга барҳам бериш орқали бу ёмон иллатдан халос бўламиз.

- Бир ҳамкасбимизнинг айтишича, ўқишдан уч йил кетма-кет «йиқилган» абитуриент қиз ота-онасига зарда қилиб, ўзини осиб қўйибди. Ёки бошқа бир ҳолатда ота-она ўғлига ўзи яхши кўрган қизни олиб бермабди. Натижада йигит ўз жонига қасд қилган. Бундай вазиятда ширин жонини қурбон қилишга топилган куч қандай изоҳланади? Қандай қилиб ёшларни бундай руҳий ҳолатдан халос этиш ёки огоҳлантириш мумкин?
- Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда инсон умрининг, яшашнинг аҳамияти тўғрисида маълумотлар берилган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «... дунё ям-яшил ва гўзалдир, Аллоҳ унга эга қилиб қўйиб, сўнг сизларни кузатувчи ва нима иш қилишларингни кўриб тургувчидир...» деб марҳамат қилганлар. Демак, шундай гўзал дунёга келтириб қўйиб Парвардигори олам бизни кузатиб турар экан. Агар инсон арзимаган ишни катта муаммо ҳисоблаб, ўша иш атрофида айланаверса ўзича ундан бахтсизроқ инсон бўлмайди. Бора-бора юрак хуруж қилиши ёки вос-восга айланиб кетиши мумкин. Масалан, ўша олий таълим мактабига имтиҳондан ўта олмаганини катта муаммо ҳисоблаган абитуриент қизимиз ўзидан бошқа қанчалар умуман олий таълим даргоҳига кела олмагани, бошқа қанчалар ундан кўпроқ марта ҳаракат қилиб охири мақсадига етганлигини ўйлаб кўрса, ўзининг муаммолари ҳеч нарсадек бўлиб қолади. Афсуски, бу нарсани тушунтириши лозим бўлган ота-она ҳам, унинг яқинлари ҳам лоқайд бўладилар. Ёки фарзандининг ношудлигини, илмсизлигини таъна қилишдан нарига ўтмайдилар. Оқибатда бола ўша машъум ишга қўл уриб қўяди.

Ёши катталар кўп қийинчиликлар, мусибатлар, айрилиқларга дучор бўлишган-y лекин, шундай тубанликка тушмаганлар. Хўш, бугунгилар-чи?

Дарҳақиқат, аввалгилар катта мусибатлар, улкан машаққатларга қолган пайтларида ҳам бундай тубанликка тушишмаган. Чунки, уларнинг ота-оналари шундай тарбия беришган. Жуфти ҳалоли урушда ҳалок бўлган ва 7-8 нафар фарзанди билан қолган онаизор барча машаққатларни енгиб аёллик, оналик номига доғ туширмасдан болаларини тарбия қилиб, уйлаб-жойлаган. Ҳаёт эри туриб бузуқ йўлга кириб кетаётган «оналар» ёки шириндан шакар фарзандларини тирик етим қилаётган «оталар» туфайли, улар тарбиясиз қолдирган фарзандлар сабрсизлик - ношукурлик оқибатида ўша ҳолатга тушмоқдалар.

- Инсоният яратилибдики, ҳамиша муаммолар ва зиддиятлар мавжуд. Бошқача айтганда, ота-боболаримиз ғам-ташвишлар ичида яшашсада, ўз жонларига қасд қилишдан тийилишган. Ҳатто бугунги муаммолар ота-боболаримиз тортган азоблар олдида арзимасдек туюлади. Бироқ нега энди замондошларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда? Буни чидамсизлик, тоқатсизлик десак тўғри бўладими?
- Албатта ота-боболаримиз кўрган ғам ташвишларнинг ўндан бирини ҳам кўрмадик, бу ҳам бир неъмат. Улар мустамлака даврида озиқ-овқат танқислигидек кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтишган. Катталардан секин сўрасангиз, кўзларида ёш билан бир бурда нон бўлса эди, бир еб тўйиб олсам деб орзу қилган кунларимиз бўлган, деб айтишади. Бугун-чи, еганимиз олдимизда емаганимиз ортимизда, турли хил чиройли кийимлар киямиз яна ношукурлик қилинади. Менимча, уйда ота-она ҳар нонушта ёки кечки овқат пайтида ўзи ёки отасидан эшитган машаққатли кунларни болаларига ҳикоя қилиб, бугунги кунни қандай фаровон ва тўкинлик эканини қайта-қайта айтиб туришлари лозим.

- Ҳеч бир сабабсиз ўз жонига қасд қилганлар ҳақида халқимиз «вос-вос бўлибди» дейди. Фанда бу «руҳий депрессия» дейилади. Хақиқатдан ҳам, «вос-вос» инсонни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келади. «Вос-вос»ни олдиндан сезиш ва даволашнинг имкони борми?
- Уйда ота-она фарзандларига ҳушёрлик билан муомала қилиши ва уларнинг руҳий ҳолатини кузатиб туриши керак. Боласининг ҳолати ўзгариб қолганини ота сезмаган ҳолида ҳам албатта она сезади. Шундай ҳолатда чин дилдан фарзандининг руҳиятини кўтариш учун бир оғиз ширин сўз гапириш кифоя қилади. Шу ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг қушчаси ўлиб қолган боланинг ҳолини сўраб кўнглини кўтарганларини эслаш кифоя қилади.

- Очиғи, маҳалла кўйда ўзимиз яшаётган ҳудудда, таниш-билишларимиз ҳаётида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлганмиз. Бугун кўриб суҳбатлашган инсон ҳақида эртаси куни совуқ хабар эшитганмиз. Демак, бу жараён – ўта нозик воқелик. Демоқчиманки, ўз жонига қасд қилиш жараёнини унча-мунча одам ёки мутахассис аввалдан билавермайди, аниқроғи, бугун мамлакатимизда мазкур муаммо юзага қалқиб чиқди. Президентимиз бу муаммони бартараф этиш хусусида жон куйдириб кўрсатмалар берди. Шу маънода ҳозир ҳар биримиз қандай ишларни амалга оширишимиз, ўзимизга яраша қандай вазифаларни адо этишимиз лозим? Мутасаддилар томонидан бу борада қандай тадбирлар ташкиллаштириш даркор деб ҳисоблайсиз?
- Пайғамбармиз Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг «ҳар бирларинг раҳбарсизлар, ҳар бирларинг ўз қўл остингиздагилардан сўраласизлар», деган маънодаги ўгитларига амал қилиб, ҳар бир соҳа мутасаддилари ўз вазифасидан келиб чиқиб, ушбу иллат олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Маҳалла оқсоқоллари ўз маҳалласи орасида имом-хатиблар маърака-маросимларда, ўқитувчилар ўқувчилар орасида, ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамкорликда ёшлар орасида тарғибот олиб бориши лозим. Бу йўлда яна шунга этибор қаратиш зарурки, ҳадеб ўз жонига қасд қилиш гуноҳ – жиноят деб такрорлашдан кўра, ҳаётнинг гўзал эканлигини, ҳар бир кишига берилган улуғ неъмат эканлигини, унинг қадрига етиш, берилган имкониятлардан тўла фойдаланишни, баъзан юз берадиган машаққатлар ўткинчи эканлигини, ўша машаққатларни енгиб ўтган инсонгина орзу қилган мақсадларига ета олишини, бу йўлда тарихда ота-боболаримиз қандай машаққатлар тортиб ўтганларини қайта-қайта айтиб, тушунтириб бориш лозим.

Қуръони каримда: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу-жон ва мевалар (ҳосилини) камайтириш билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз унинг ҳузурига қайтувчилармиз», - дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир», Бақара 155- оят.

Қаранг, ушбу ояти каримада Парвардигори олам ҳамма вақт тўкин-сочинлик, бахт-иқбол, мол-дунё мўл-кўл бўлавермаслигини, баъзан қийинчилик машаққати ёки мусибатлар, синовлар бўлишини айтиб бермоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбарларини, азиз-авлиёлар, олиму-фузалоларни машаққат, мусибатлар билан синаган. Барчалари ушбу синовларга бардош билан ўз яқинларига ва келажак авлодларга намуна бўлишган.

Муқаддас динимиз ҳаттоки инсонни ўлимни орзу қилишдан, ўзига ўлим тилашдан ҳам қайтаради.

Арзимаган бир муаммо учун қимматли неъматдан – ҳаётдан воз кечиб, жонига қасд қилиш ўта оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорийдек зот Бухорога сиғмадилар, Замахшарий бир оёғи чўлоқ бўлатуриб, илм олиш йўлида жаҳон кезди, аллома бўлди, Имом Термизийнинг кўзлари кўрмай қолди, шоҳ Машраб «Тикансиз гул садафсиз дур машаққатсиз ҳунар бўлмас» дея мусофирликда вафот этди.

Даврон мени ўткарди сару сомондин,
Ойирди мени бир йўла хону мондин,
Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна
Неларки бошимға келмади даврондин,

дея Бобур мирзо ҳаётда мусофирлик, ватандан айро яшашга мажбур бўлса-да, ҳаёт учун курашиб, Ҳинд диёрида юз йиллар ҳукм юритган Бобурийлар сулоласига асос солди. Бундай зотлар қаторини яна ва яна давом эттириш мумкин...

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳи таоло бундай марҳамат қилади: «Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади», - деб марҳамат қилинган.

Зеро, ўз жонига қасд қилган билан муаммо ечилиб қолмайди, ҳатто унга жаноза ҳам ўқилмаслиги буюрилган. Бундай бесабр инсон абадий азобга қолади. Демак, яқинларимизни шундай ёмон иллатдан сақлайлик, токи ҳар бир аёлу эркак, ёшу қари узоқ ва фаровон умр кўриб ватанга, халқига хизмат қилсин, намуна бўлсин.

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди

Top