Ўзбекистон | 19:13 / 21.11.2018
13808
5 дақиқада ўқилади

Орол елканлар остида: Россиянинг етакчи сайёҳи Ўзбекистонга экспедиция уюштириш ташаббуси билан чиқди

“МАРИНС” елканли кемалар халқаро ассоциацияси Орол денгизи ва Мўйноққа экспедиция ташкиллаштириш ташаббуси билан чиқди. Унда Россия, Украина ва Қозоғистоннинг тажрибали сайёҳлари иштирок этиш истагини билдиришган. Россиянинг машҳур сайёҳи Елена Кулик Туризм соҳасига инвестиция киритишга доир биринчи халқаро форум доирасида KUN.UZ мухбирига шу ҳақида интервью берди.

Елканли туризмга айнан Ўзбекистонда старт берилган. Авиация заводи фаолият юритган вақтлар бу ерда катомаранлар ишлаб чиқарилган. 80-йилларда эса Ўзбекистоннинг елканли кема жамоаси Москвадаги мусобақада олий ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда бир-биридан чиройли дарёлар, кўллар билан бирга Орол деган жавоҳир бор. Биз барчанинг эътиборини мана шу нуқтага қаратишни мақсад қилдик, зеро бу бугуннинг сайёҳи учун жуда қизиқ”, - дейди у.

Орол ва Мўйноқ елканлар остида

Бизнинг лойиҳамиз - кўп босқичли. Улардан бири, яқин орада амалга оширишни режалаштирганимиз – унга кўра, март ойи охири ва апрель ойи бошларида бир неча елканли катомаран Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига ўтади ва биз уларни машҳур фильм қаҳрамони Ассоль каби соҳилда кутиб оламиз. Орол бугунга келиб кўлга айланган бўлса-да, бу - 200 км. Ушбу экспедицияни Россиянинг етакчи сайёҳи, “МАРИНС” котиби Анатолий Павлович Кулик бошқаради”, - дейди у.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Россияда етакчи сайёҳлар сони 11 нафар, таниқлилари эса талайгина. Бошқалар томонидан такрорланмаган ишга қўл урган сайёҳларга етакчилик мақоми берилади. Анатолий Кулик дунёда ягона “Елканлар остидаги катомаран” деб номланган кемада дунё бўйлаб саёҳат қилган. Бу инсонни сувдан атиги 60 см ажратиб турадиган кемадир.

“Елканли катомаран математик олимнинг ўзи томонидан лойиҳалаштирилган. У денгиз ва океанларда синовдан ўтган. Айнан унинг ўзи мазкур экспедицияга бошчилик қилади ва Ўзбекистонга елканлар остида кириб келади. Бу Оролга, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига бўлган эътиборни кучайтиради, зеро бу салоҳияти етарлича баҳоланмаган ноёб ҳудуддир. Ўзбекистонни схематик жиҳатдан уч қисмга ажратадиган бўлсак, бу, албатта, ўзининг ҳунармандлари ва ажойиб табиати билан машҳур Фарғона водийси; иккинчи қисми Ўзбекистоннинг “олтин халқаси” – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива; учинчи қисми эса – Қорақалпоғистон. У ерда шунингдек ноёб коллекцияни ўзида жамлаган Игорь Савицкий музейи жойлашган, дунёнинг ҳеч бир нуқтасида ўхшаши йўқ бу музейни одамлар кўриши керак. Ўзини ҳурмат қилувчи ҳар бир санъатшунос бу ерда бўлади, энди эса Нукусдан Мўйноқ томон ҳаракатланиш имкони бор. Мўйноқ – очиқ осмон остидаги музей, фожиали тарихга эга бўлса-да, барибир ноёб музей, ўлик кемалар музейи. Улар саҳродаги музликлар кабидир. Энди эса тасаввур қилиб кўринг-а, экспедиция амалга ошган тақдирда, елканлар остидаги Орол ва Мўйноқнинг қандай гўзал манзара касб этишини! Зеро катомаранлар нафақат сувда, балки ғилдиракларда ҳам ҳаракатланади. Буларнинг бари замонавий сайёҳлар учун жуда қизиқ”, - дейди мутахассис.

Бугуннинг сайёҳи

Мариянинг сўзларига кўра, бугунги кун сайёҳи кечагисидан анча фарқланади. Агар 10-20 йил илгариги турист – бу ёпиқ кенгликда яшаган ва фақат ўзига қулай бўлган жойлар (яъни меҳмонхоналар, барча қулайликлар ва ҳ.к.) бўйлаб ҳаракатланган сайёҳ бўлса, бугунга келиб дунё бўйлаб мустақил саёҳат қилишни хуш кўрувчи сайёҳлар кўпчиликни ташкил қилади ва уларнинг сони тобора ошиб бормоқда.

“Замонамиз сайёҳи интернет орқали меҳмонхона ёки бошқа бир жойлашув воситасига буюртма беради ва йўлга чиқаверади. Бироқ унга ноодатийлик, қандайдир саргузашт керак. Ўзбекистон замини эса бунинг учун айни муддаодир. Айтайлик, сайёҳ эрта тонгда кўркам боғда уйқудан уйғонади, ўз қўли билан узум узади, супада нонушта қилади – бу кундалик юмушлардан чарчаган шаҳарда яшовчи кишиларга ўзгача оламга ғарқ бўлиш имконини беради”, - дейди Елена Кулик.

Тавсия

Елена Кулик Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни кузатиб қувонаётгани, лекин шу билан бирга бу йўлда яна нималарга эътибор берилиши кераклигига оид тавсияси билан бўлишди:

“Бугун дунёда ҳамма нарса европалашмоқда. Меҳмонхонага кирганимизда ҳамма жойда учратиш мумкин бўлган ўзига хос қулайликларни кўрамиз. Бироқ Ўзбекистонга келганимизда ундан қандайдир сирлилик, эртак қидирамиз. Бугун мамлакатда туризм ривожланаётган ва янгидан-янги меҳмонхоналар қурилаётган бир даврда айнан Ўзбекистонга хос бўлган шарқона колорит сақлаб қолинишини истардим”, - деди Кулик.

 

Мавзуга оид