Жамият | 21:37 / 22.11.2018
17612
7 дақиқада ўқилади

«Барчаси ўз қўлингда» декадаси. Ўзбекистон бўйлаб ўн кунлик «Тунги рейдлар» ўтказилмоқда

Бола тарбиясига жавобгарлик масаласи оиланинг, маҳалланинг, жамиятнинг истиқболига эътибордир. Тарбиядаги энг кичик эътиборсизлик ҳам эртанги кундаги катта кўнгилсизликларга йўл очиб бериши мумкин. Бугунги кунда ёшлар асосан танбаллик, осонгина бойиб кетиш ҳирси сабаб жиноят йўлига кириб кетмоқда. Ўғирликнинг содир этилиши бировнинг мулкига эгалик қилиш майлидан бошланади. Агар фарзанд бу майлдан вақтида қайтарилмаса, жиноят тубсизлигига кириб кетаверади. Ёшларни ҳаётсеварлик руҳида тарбиялаш, китоб мутолаасига ҳамда уларнинг қизиқишларига қараб касб-ҳунар тўгаракларига ва ҳар хил мусобақаларга жалб этиш турли хил иллатларнинг илдизини кесади. Ёшларни жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ундаш лозим.

Ёшларимиз орасида илмга интилувчан, маърифатлилари ҳам бор аммо, қандайдир қинғир йўлларга кириб нохуш ҳодисаларга сабаб бўлиб, жазо муддатини ўтаётганлар ҳам йўқ эмас. У ердаги ёшларнинг кўпчилигининг адашишига оилавий носоғлом муҳит сабаб бўлган. Ота-оналардан бирининг ўгайлиги ёки оилада фарзандни тўқликка шўхлик асносида ўсиши, отаси ичкиликка, ёмон одатларга берилган ва фарзанд ҳам «Қуш уясида кўрганини қилгани»дек, ота-онасидан намуна олиб вояга етган.

Ёшлар ўртасида содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда 2019 йилда бажариладиган вазифаларни белгилаш мақсадида 20 ноябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудида «Барчаси ўз қўлингда!» шиори остида ёшлар ўртасидаги тарғибот декадасига старт берилди. Декада 30 ноябргача давом этади. Декада доирасида ҳар бир ҳудудда 10 кунлик «Тунги рейдлар» ўтказилмоқда.

10 кун давомида вилоятлар миқёсида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга оид «Тунги рейдлар» ўтказилиб, назоратсиз қолган вояга етмаган ёшлар билан тиббий кўрик ва психологик суҳбатлар, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича «Street workout» мусобақалари ташкил этилмоқда. Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш мақсадида улар билан ҳудуддаги ҳарбий қисмларга саёҳатлар йўлга қўйиляпти. Барча туманларда жадвал асосида «Барчаси ўз қўлингда!» шиори остида педагогик-психологик тренинглар, «Мен касб танлайман» номли ижтимоий тадбирлар орқали ёшларга касб-ҳунар танлашга кўмаклашилди. Тарғибот декадаси якунида барча ҳудудларда мутасадди ташкилотлар томонидан брифинг ўтказилиб, тарғибот лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида ахборот бериш режалаштирилган.

10 кунлик тарғибот тадбирларида жиноятчиликка қарши курашишга кўмаклашувчи ёшлардан иборат «Жасорат» клуби аъзолари ҳудудларда кузатилган ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиб, махсус штабда йиғилган маълумотлар базасини ички ишлар органлари билан шакллантириб боради. Тунги вақтларда кўчада дайдиб юрган вояга етмаганлар аниқланиб, уларни тўғри йўлга йўналтириш чоралари кўрилади. Таълим муассасаларидаги ёшлар ўртасида содир бўлган ҳуқубузарликлар бўйича бошланғич ташкилот етакчилари кунлик ҳисобот бериб боради. Ушбу рейдлар орқали ёшлар фоҳишалик, ўғрилик, зўравонлик каби турли хил иллат исканжасидан асраб қолиниши чоралари кўрилади. Рейдлар натижасида рўйхатга олинган вояга етмаганлар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ушбу ҳаракат ёшлардаги тушкунлик ҳолати ва руҳий барқарорлигини аниқлашда қўл келади. Маҳаллалардаги ишсиз ва кўп дарс қолдирувчи, тарбияси оғир ёшлар ўртасида «Street workout» номли кўчалар, маҳаллалар ва туман-шаҳарлар ўртасида уч босқичдан иборат мусобақалар ташкил этилади. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилиб, кўнгилли равишда «Жасорат» клуби аъзолигига киритилади.

Вояга етмаган ёшлар тунги вақтда кўнгилочар жойлар ва интернет клубларда юрмаслиги керак!

Юқорида белгиланган лойиҳалар Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши, Миллий гвардия ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Хоразмда «Барчаси ўз қўлингда! » шиори остида ёшлар ўртасида бўлиб ўтди. Унинг доирасида вояга етмаган ёшлар тунги вақтларда кўнгилочар жойларда ва интернет клубларида бўлишини олдини олиш учун тунги рейдлар ўтказилди.

Жамоатчи ёшлар отрядлари аъзолари кечки соат 22:30дан сўнг тумандаги «Динай» кафесида 3 нафар вояга етмаган ёшни аниқлашди. Улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Қолаверса, ушбу иш юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бу каби рейдлар Хива шаҳрида ҳам ўтказилди.

«Тунги рейдлар давомида асосан балоғат ёшига етмаган ёшларни аниқлаш ва уларнинг ота-онаси билан ишларга ҳаракат қиламиз. Хусусан, вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш бўйича аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, келгусида бажариладиган ишлар бўйича таклифлар ишлаб чиқяпмиз. Ўйлайманки, яқин вақт ичида бу ўз самарасини беради», — дейди вилоят Кенгаши бўлим мудири Дилшод Атамуратов.

Ота-оналардан ҳам илтимос, ҳам талабимиз шуки, улар фарзандларига эътиборлироқ бўлишсин. Келажагимиз қўлида бўлган ёшларни турли иллатлардан асраш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Таълим-тарбия тадбирларига ота-оналар ҳам жалб қилинди

Тарғибот ишлари мобайнида ҳар бир туманда ички ишлар бошқармаси профилактик ҳисобида турган вояга етмаганларнинг сонига қараб жадвал тузилади ва болалар сонига қараб имом-хатиб, психолог, намунали нуроний, ҳарбий хизматчи, педагоглар ҳаётий кўникмаларни шакллантириш бўйича тренинглар ўтказиб боришади.

Ушбу таълим-тарбия тадбирларига болаларнинг ота-оналари ҳам жалб этилиб, бола тарбияси, оиладаги муҳит каби масалалар бўйича имом-хатиб, психолог, «Оила» илмий маркази вакили, педагоглардан оила мактаби бўйича сабоқ олишади.

Бундан ташқари, Андижонда «Биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши бирлашамиз!» шиори остидаги кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Мазкур босқичда 16та туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар танлов низомига асосан «Деворий газеталар», «Иншолар» ҳамда «Саҳна кўриниши» шартларида ўз билим ва истеъдодларини намоён этди. Ўтказилган танлов якунларига кўра 1-ўринни Булоқбоши туманининг «Фемида», 2 -ўринни Асака туманининг «Левист» ҳамда 3-ўринни Андижон шаҳрининг «Фидойилар» жамоалари эгаллаб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланишди.

Бу кўрик-танлов республиканинг барча вилоятларида бўлиб ўтмоқда. «Барчаси ўз қўлингда!» тарғибот декадаси Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, Олий Суд, Миллий гвардия, Адлия, Мудофаа вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.

Шаҳноза Нуриллаева

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид