Жамият | 13:53 / 10.01.2026
1858
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда тунги рейд: автомашина йўловчисидан шубҳали модда топилди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида Бектемир тумани ҳудудида тўхтатилган Cobalt автомашинаси йўловчисидан ўткир ҳидли, сақичсимон, наркотик моддага ўхшаш модда аниқланди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 январ куни соат 04:20 ларда Бектемир туманига хизматга жалб қилинган ЙПХ инспектори томонидан Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳар ҳудудига ҳаракатланиб келаётган Cobalt русумли автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилган.

Текширув давомида автомашина йўловчиси — 2001 йилда туғилган Т.Н.нинг ўзини тутиши ва гап-сўзлари ходимларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг, 2 нафар холис иштирокида унинг ёни кўздан кечирилганда, қора рангли, ўткир ҳидли, сақичсимон ва наркотик моддага ўхшаш модда топилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро ва аниқланган модда Бектемир тумани ИИО ФМБга топширилган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид