Жамият | 08:30 / 22.11.2018
29988
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик уйидан ноқонуний фойдаланган мансабдор шахс аниқланди

Фото: photogoroda.com

Айрим фуқаролар ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини ҳеч ким билмайди, деб ҳисоблайдилар. Шундайлардан бири – Жиззах вилоят ҳокимлик уйидан фойдаланиш бошқармаси раҳбари Ф.У. бўлиб чиқди, деб хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати.

Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан Жиззах шаҳар, Сайилжойи маҳалласи, Ш.Рашидов шоҳ кўчаси, 63-уйда жойлашган Жиззах вилоят ҳокимлик уйидан фойдаланиш бошқармасига тегишли бино кўздан кечирилганда бошқарма раҳбари Ф.У. бино томонидан истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисоблаш ускунаси кўрсатгичини сунъий равишда тўхтатиш мақсадида ток трансформаторларига келган уч дона симларни узиб, электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келганлиги оқибатида электр таъминоти корхонаси манфаатига 122 млн. 845 минг сўм миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Мансабдор шахс ушбу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185(2)-моддаси 4-қисмидаги жиноятни содир этган.

Ф.У.га содир этган ҳаракатининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилгач, электр таъминоти корхонасига етказилган 122 млн. сўмдан ошиқ зарар қопланди.

Шундан сўнг, бошқарма раҳбари 30 кунлик муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган.

Натижада, жиноят оқибатларини бартараф этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Мавзуга оид