Ўзбекистон | 20:56 / 22.11.2018
7754
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги таълим хабига айланиш сари навбатдаги қадамни қўймоқда

Фото: Камиль Еникеев

23 ноябрь куни Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базаси версиясига кўра, Ўзбекистон олимларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтади. Тадбир Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ мухбирига маълум қилишича, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Марказий Осиё таълим хабига айланиши томон қўйилган навбатдаги қадамдир.

“Ушбу тадбир Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги таълим хабига айлантириш сари қўйилган навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади. Илк форум давомида Scopus тизими бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этган олим ва педагогларимиз тақдирланади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, QS ва Times Higher Education каби жаҳон тан олган рейтинг агентликлари айнан Scopus маълумотларидан фойдаланади. Шу нуқтаи назардан, биз Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари QS’нинг энг яхши ТОП-500 университети рўйхатига кириш имконига эга бўлиши устида иш олиб боряпмиз, бу йўналишда зарур ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, келажакда улар янада ривожлантирилади”, - дейди Абдуҳакимов.

Тантанали маросимда республика вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек QS ва Times Higher Education каби етакчи рейтинг агентликлари директорлари, 5-100 лойиҳавий офис раҳбари Надежда Плохина, Elsevier компанияси раҳбарияти ҳамда ОТМларнинг ректор ва проректорлари иштироки кутилмоқда.

Тадбир давомида олимлар учун мақолалар ёзиш, илмий журналлар индексацияси ва халқаро рейтингларга кириш методологиясини ўргатишга оид маҳорат дарсларини ўз ичига олган Биринчи илмий форум ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг 23 мартида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Elsevier компанияси ўртасида «Илм-фан-2020» миллий стратегик шартномаси имзоланган. Мазкур келишув Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини оширишга ҳамда уларнинг жаҳоннинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишига йўналтирилган.

Мавзуга оид