Ўзбекистон | 13:00 / 22.11.2018
7217
4 дақиқада ўқилади

«Ўзсаноатқурилишбанк»да трансформация: эскича ёндашув натижа бермай қўйди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Жорий йилнинг 19 ноябрида «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ребрендинг ҳақида эълон қилди. Жараён нафақат банк логотипи ва фирма услубининг ўзгартирилганини, балки бизнес-жараёнлар, хизмат кўрсатиш ва маҳсулот линейкасининг такомиллаштирилганини  ўзида акс эттиради.

Ўзсаноатқурилишбанкнинг қайта шаклланиши стратегик ривожланиш режасини тубдан қайта кўриб чиқишни кўзда тутади. Ребрендинг дастурини ишлаб чиқиш Россия банклари ва Бутунжаҳон банк гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC)нинг хорижий экспертларини жалб қилиш орқали амалга оширилди. 

Тайёргарлик босқичида мижозлар кутишлари ва банк фаолиятининг айни дамдаги ҳолати батафсил таҳлилдан ўтказилди. Сўровномалар натижалари шуни кўрсатдики, хизмат кўрсатиш сифати банкни танлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Иккинчи ўринга респондентлар қўрсатилаётган молиявий хизматлар тезлигини қўйдилар.Замонавий ва доимий ҳаракатда бўлган жамият узоқ навбатларда туришни ва банк ходимлари билан батафсил музокаралар олиб боришни истамаслиги аён бўлди. Тарифлар ва уларнинг аҳамияти эса шунчаки учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ўринни маҳсулот линейкасининг кенглиги ва интернет-банкнинг функционаллиги, бешинчи ўринни эса — офис қулайликлари каби омиллар эгаллади.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Таҳлил якунларига кўра, банк томонидан 12 та муҳим бизнес-йўналишларни қамраб олувчи трансформация режаси ишлаб чиқилган эди.

«Ишдаги эски ёндашув натижасизликка олиб келди, шунинг учун Ўзсаноатқурилишбанк трансформацияни жорий этишга қарор қилди. Биз банк бизнесининг халқаро стандартларини татбиқ этмоқдамиз, кредитлар олишга имкониятларни кенгайтириб, стратегик инвесторларни жалб қилмоқдамиз. «Яшил банкинг» доирасида биз фаолияти атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган компанияларни қўллаб-қувватлаймиз.  Хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш трансформациянинг муҳим бандига айланади. Аксарият мижозлар нарх туфайли эмас, балки банк ходимларининг ёмон муносабатлари сабаб банкдан кетиш ҳоллари тез-тез учраб туради. Ходимларни янгича услубда ишлашга ўргатиш қийин масала бўлса-да, уни уддалай олишнинг имкони бор», — деди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ стратегия ва маркетинг бошқармаси бошлиғи Абдураҳимов Отабек.

Матбуот-анжуманида қайд этилишича, Ўзбекистон банкларининг бир қисми ишни қайта қура олди ва ходимларнинг асосий вазифаси хизмат кўрсатишнинг маҳсулотли модели асосида сотувлар жараёнини ташкил этиш бўлди. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ушбу оралиқ босқичдан ўтиб, кейинги сифат поғонаси – маҳсулотларни сотиш эмас, балки мижоз билан муносабатлар қуришни кўзда тутувчи модель бўйича ишлашга режалаштирмоқда. Ўзсаноатқурилишбанк ҳар бир мижозга, унинг шахсий эҳтиёжларига таянган ҳолда фойдали молиявий ечимларни таклиф этади.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Молиявий хизматлар тезлигини оширишга ахборот тизимини тўлиқ ўзгартириш, бизнес-жараёнларни қайта кўриб чиқиш ва филиалларнинг жиҳозланишини модернизация қилиш орқали эришиш режалаштирилмоқда. Ўзсаноатқурилишбанкнинг иш графигидан тушлик танаффус олиб ташланиб, ходимлар смена бўйича иш режимига ўтказилди, бу мижозларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда банкка мурожаат қилиш имконини беради. Маҳсулот линейкаси ҳам жиддий трансформацияни бошидан кечириб, янада соддароқ ва қулай бўлади, шунингдек банк сектори учун янги, ўзига хос хизматлар билан тўлдирилади.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ янги стратегияси доирасида офисларнинг тузилиши, формати ва хизмат кўрсатиш мантиғини тўлиқ алмаштиради. Биноларнинг бир қисми қайта қурилди, қолганлари эса 2018 йилнинг охиригача ва 2019 йил давомида  реконструкция қилинади.Ривожланишнинг янги стратегик режасига кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ - сифатли хизмат кўрсатувчи, ахборот технологияларини кенг қўлловчи ва бизнес-жараёнларни халқаро стандартларига мос равишда юритувчи биринчи замонавий молиявий институтга айланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид