Ўзбекистон | 22:10 / 23.11.2018
6413
3 дақиқада ўқилади

Ҳар икки йилда бир марта Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, фестиваль ҳар икки йилда бир марта – 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилади. Аниқ сана ва муддат Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ’га маълум қилишича, мазкур тадбир туризмни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

“Ушбу тадбир нафақат бахшичилик санъатини ривожлантириш нуқтаи назаридан, балки туризмни ривожлантиришда ҳам жуда катта аҳамият касб этади. Сурхондарё узоқ тарихга эга, у диний, илмий, этнографик жиҳатдан бой, гастрономик туризмни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам салоҳиятли ҳудуд ҳисобланади. Халқаро бахшчилик фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чоғида инфратузилмалар – электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация тизими яхшиланади, йўллар текисланади. Шу билан бирга, сайёҳларга мўлжалланган кўплаб ресторан ва кафелар фаолияти ташкил этилади. Бундан ташқари, маҳаллий аэропорт реконструкция қилиниб, тадбиргача янги аэропорт терминали ишга туширилади, бутун ҳудудда ободончилик ишлари амалга оширилади. Халқаро бахшичилик санъати фестивали Термиз шаҳри ва умуман Сурхондарё вилоятининг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшади”, - дейди у.

Қарорга мувофиқ, фестиваль доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантиришга оид илмий-амалий конференция, хорижий ва маҳаллий бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, сайиллар, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма ва халқаро кўрик-танлов ўтказилиши кўзда тутилган.

Кўрик-танловда иштирок этишни истаган санъаткорлар ва жамоалар танлов ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар ташкилотчиларга тегишли маълумотларни тақдим этиши лозим.

Ўзбек, инглиз ва рус тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.

Кўрик танлов ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланади:

“Гран-при” – 7000 АҚШ доллари;

I ўрин – 10 000 АҚШ доллари (ҳар бир йўналиш бўйича 2X500);

II ўрин – 7000 АҚШ доллари (ҳар бир йўналиш бўйича 2X3500);

III ўрин – 5000 АҚШ доллари (ҳар бир йўналиш бўйича 2X2500).

Бундан ташқари, “Энг ёш бахшичилик санъати ижрочиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи” ва “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ғолиблар 500 АҚШ доллари миқдорида мукофотланади.

Мазкур қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов зиммасига юклатилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид