Петербургда Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. У Сурияга жўнаб кетмоқчи бўлган
Террорчилик ташкилот фаолиятида иштирок этишга тайёргарлик кўрганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Жасурбек Йўлдошев Санкт-Петербургнинг Невский туман суди томонидан 2019 йилнинг 20 январигача ҳибсга олинди.
«Айбланувчи ва унинг ҳимоячиси тергов сўрови қондирилишига қаршилик кўрсатишмади. У жиноятга алоқаси борлигини инкор этмади», - дея хабар беради шаҳар судларининг бирлашган матбуот хизмати.
Жорий йилнинг апрелидан ноябрь ойигача Йўлдошев Telegram ва WhatsApp мессенжерларида номаълум шахслар билан ёзишиб, Сурияга жўнаб кетиш, у ерда «Котиба Тавҳил вал-Жиҳод» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилмоқчи бўлган. У билан гаплашган шахс Сурияга қандай қилиб боришни айтган ҳамда ҳарбий иш, жанг олиб бориш тактикаси, қўпорувчилик-террорчилик услублари, ўқотар қурол билан муомала қилиш кўникмаларига эга бўлиш мақсадида машғулот лагерига йўл олишда ёрдам беришни ваъда қилган.
Террорчи бўлишни мақсад қилган шахс ҳатто 50 минг рубль пул йиғган ва Москвага, сўнг Украинага бориб, у ердан Сурия Араб Республикасига йўл олиш мақсадида буюмларини танишига 8 минг рублга сотиб юборишни режалаштирган.
Лекин унинг режаларига полиция халақит берди. Маҳкама 26 ёшли ўзбекни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
21 ноябрь куни Йўлдошевга нисбатан террористик ташкилот фаолиятида иштирок этишга тайёргарлик кўриш бўйича жиноий иш қўзғатилди ва унга айб қўйилди.