Иқтисодиёт | 10:49 / 24.11.2018
11204
5 дақиқада ўқилади

ЛБМА Солиқ кодекси лойиҳасида Молия вазирлиги лойиҳасига қараганда кўпроқ фойдали таклифлар мавжуд

Иллюстратив сурат

Айни пайтда ўзбекистонликларга янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг иккита лойиҳаси тақдим этилди.
Шу билан бирга, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) лойиҳанинг тўлиқ версиясини, Молия вазирлиги эса алоҳида қисмини эълон қилди.
Молия вазирлигидан таъкидлашларича, Умумий қисм эълон қилинишининг маълум муддатга қолдирилиши ўзаро алоқадор шахсларни солиққа тортиш масаласини ишлаб чиқиш зарурияти билан боғлиқ. Солиқ кодексининг қайта кўриб чиқилган Умумий қисми асосида Алоҳида қисмнинг маълум бир боблари, айниқса, трансфер нархи шаклланиши ва назорат қилинадиган хорижий компаниялар бўйича масала ишлаб чиқилади.

Юқорида келтирилган далиллар шуни тасдиқлайдики, Молия вазирлиги Солиқ кодексининг тўлиқ лойиҳасини тайёрлай олмади. Гарчи, Солиқ кодексининг янги таҳрири 2018 йилнинг 1 декабрига қадар ишлаб чиқилган бўлиши керак эди. ЛБМА тўлиқ лойиҳани ишлаб чиқишга улгурди.

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, ЛБМА лойиҳасида тадбиркорларга фойдаланиш бошланган йилда асосий воситаларнинг 100%лик амортизациясига рухсат берилади. Агар ЛБМА лойиҳаси маъқулланса, унда тадбиркор ўз инвестицион харажатларини кўп йиллик амортизация жараёни орқали эмас, балки даромад солиғидан тўлиқ ҳажмда ушлаб қолади. Бу сармоявий фаолият учун кучли рағбат.

Ҳозирги Кодекс ва Молия вазирлигининг лойиҳасида чегириб ташланадиган ва чегириб ташланмайдиган харажатларнинг узун рўйхати ва талқинлари берилган. Айнан талқинлар давомида бизнес ва солиқ органлари ўртасида келишмовчиликлар юзага келади. ЛБМА лойиҳасида эса, фақат тадбиркорлар даромад миқдорини аниқлашда чегириб ташлай олмайдиган харажатлар рўйхати тақдим этилган, шунингдек, айрим харажатлар бўйича чегара нормалари кўрсатилган. Ушбу ёндашув солиқ маъмуриятчилиги харажатларини қисқартириш ва солиқ текширувлари коррупциясини камайтиришга қаратилган катта қадамдир.

ЛБМА лойиҳасидан тадбиркорлар «даромади»га «ижобий курс фарқи» каби солиқ солишнинг тури чиқариб ташланди. Негадир қонунчилик миллий валюта қийматининг қадрсизланишига бойиш манбаи сифатида қарайди. Сўм долларга нисбатан 20 фоизга тушиб кетди, демак, хорижий валюта эгалари 20 фоизга бойиди. Ғалати мантиқ. Бунда шу вақт давомида сўмда нархлар қанчага ошганини (инфляция) ҳисоблаб чиқиш керакдир? Эҳтимол, 20 фоиздан кўпроқдир? Агар шундай бўлса, ҳеч қандай «бойиш» содир бўлмади. Бундан ташқари, нега фақат ижобий курс фарқи ҳисобга олинади. Агар фарқ салбий бўлса, унда уни зарар сифатида солиққа тортиладиган базадан чегириб ташлаш керакдир? Йўқ, бу мумкин эмас экан. Жуда мантиқсиз. ЛБМА лойиҳасининг муаллифлари ушбу абсурд нормани Кодекснинг ўз версиясидан олиб ташладилар. Афсуски, Молия вазирлиги лойиҳасининг муаллифлари уни қолдиришди.

Дарвоқе, ЛБМА лойиҳасида компания ўтган йиллардаги барча зарарлардан ҳозирги солиқ давридаги солиққа тортиладиган даромадни камайтириш учун фойдаланиши мумкин. Ҳозирги Солиқ кодекси ва Молия вазирлиги лойиҳасида - жорий даврдаги солиққа тортиладиган даромаднинг фақат 50 фоизи. Мен - ЛБМА варианти учун.

Амортизациянинг чегара нормалари (яъни, компания мулк қийматининг қандай қисмини зарар сифатида кўрсатиши мумкин) қандай? Молия вазирлиги лойиҳасида шундай дейилади: «Мулк амортизациясининг чегара нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади». ЛБМА лойиҳасида амортизация чегара нормалари асосий воситаларнинг барча тоифалари бўйича ёзиб қўйилган, бу Кодексни бевосита амал қиладиган ҳуқуқий ҳужжатга айлантиради. Ва бу тўғри!

Ҳар иккала лойиҳада ҳам даромад солиғи чоракда бир марта тўланади. Молия вазирлиги лойиҳасида ҳар чоракда ҳисобот ҳам тақдим этилади. ЛБМА лойиҳаси йиллик ҳисоботларни назарда тутади (майда нарса, лекин яхши - солиқ маъмуриятчилиги соддалаштирилади).

ЛМБА версияси чегириб ташланмайдиган харажатларнинг нисбатан қисқа рўйхатини таклиф қилади. Масалан, тадбиркор солиққа солинадиган базадан хайрияга харажатлар (чегара норматив ўрнатилган ҳолда), хўжалик шартномалари шартлари бузилгани учун жарималар, пеня ва бошқа турдаги санкцияларга барча тўловлар (бюджетга тўланган жарималар ва пенялар бундан мустасно) учун харажатларни чегириб ташлаши мумкин. Гарчи, бошқа мисоллар ҳам бор: Молия вазирлиги версиясига кўра вакиллик харажатлари чегириб ташланувчи деб ҳисобланади, ЛБМА версияси бўйича эса уларга даромаддан 1%лик норматив ўрнатилган.

Солиқ кодексини ўзгартириш бўйича фойдали таклифлар ҳар иккала лойиҳада ҳам мавжуд, аммо ЛБМА лойиҳасида у кўпроқ экани маълум бўлди.

Аброр Олимов, мустақил иқтисодий тахлилчи.

Мавзуга оид