Ўзбекистон | 19:06 / 24.11.2018
6381
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда GDG DevFest фестивали бўлиб ўтди

Бугун, 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида GDG DevFest дастурчилар фестивали бўлиб ўтди. Google Developers Group, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган мазкур фестивалда Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар вакиллари, 30дан ортиқ спикер, Ўзбекистоннинг энг яхши дастурчилари иштирок этди. 

Фестивалга ташриф буюрган махсус меҳмонлар сифатида дунёга машҳур мутахассислардан бири Google компанияси инженери Илека План, Тожикистонда иқтисодий технологиялар йўналишида ютуқларга эришган “Алиф” банки асосчиси Зуҳуршо Раҳматуллаевни айтиб ўтиш мумкин. 

- Мазкур фестивал 2018 йилдаги нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё миқёсидаги дастурчилар ўртасидаги энг йирик халқаро конференция бўлиб, унинг доирасида турли хил тақдимотлар ўтказилади. Улар орасидан менга энг ёққани, Google Сloud платформаси ёрдамида машина бошқаришни ўрганиш лойиҳаси бўлди. Фестивалда намойиш этилаётган ишланмаларни кўриб дунёда “тўртинчи инқилоб” бошланмоқда деб айтиш мумкин. Бу дегани ҳаётимизнинг истаган жабҳасида сунъий онгни қўллаб катта ютуқларни қўлга кириш мумкин, -дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Дарҳонбек Маматалиев.

GDG DevFest фестивалида турли соҳаларнинг профессионал мутахассислар йиғилиб, билим ва тажриба алмашадилар. Тошкентда 2015 йилдан бошлаб Google I/O Extended Tashkent конференцияси ўтказиб келинмоқда. Конференция ўзбекистонлик ёш мутахассисларни Google компаниясининг инновацион ечимлари билан танишиш учун ўзига хос платформа сифатида хизмат қилмоқда.

Мавзуга оид