Жаҳон | 13:21 / 24.11.2018
24865
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон 12 йиллик таълимга ўтишда Қозоғистоннинг хатосини такрорламоқчи эмас

Фото:Sputnik

Тожикистон Таълим вазирлиги 12 йиллик таълимга ўтишда бошқа давлатларнинг хатоларини такрорламоқчи эмас. Бу ҳақда вазирлик раҳбари Нуриддин Саид «Авеста» агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Украина ва Қозоғистон 12 йиллик таълимга ўтиш жараёнида шошиб, лойиҳани амалга ошира олмади ва ортга қайтди. Тожикистонда 12 йиллик таълимга ўтиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш парламент қарори билан 2020 йилга қолдирилди.

«Икки марта бир хил кўчага кирмаслик учун, биз режалаштирган нарсаларга шошилиб эмас, балки аста-секинлик билан ҳаракатланишимиз лозим. Вазирлик барча дастур ва стандартларни қайта кўриб чиқди. Бунга тайёрланяпмиз. Бироқ, 12 йиллик таълимга ўтиш жараёни қимматга тушишини ҳисобга олиш зарур. Бундай таълимдан маъно шундаки, одам 12 йил ўқиб, мактабни касб билан тарк этиши лозим. Яъни, 6 ёшидан ўқишни бошлайди, 18 ёшида эса мактабни тамомлайди, у бу вақт ичида маълум бир касбни ўрганиши керак ва бу барча мактабларда бўлиши зарур», - дея таъкидлаб ўтди Н.Саид.

2010 йилда мамлакат президентининг парламентга йиллик мурожаатида 12 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш таклифи берилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров мактабларда ўқувчилар дарсликларда берилаётган маълумотларни ёдлашлари керак эмаслиги, уларда танқидий фикрлашни ривожлантириш керак экани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид