Ўзбекистон | 22:00 / 27.11.2018
27187
4 дақиқада ўқилади

Сувли ерларда ғалланинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланади — Ҳукумат қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарорида бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, юқори сифатли уруғлик материалларини тайёрлаш, агротехнологиянинг илғор усулларини қўллаш ҳамда фермер хўжаликларини рағбатлантириш механизмларини жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамасдан, етиштирилаётган бошоқли дон ҳосилини кескин кўпайтиришда тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар сақланиб қолаётгани санаб ўтилган.

Мазкур қарор бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича белгиланган агротехник тадбирларни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига кафолатланган ҳосил олинишини таъминлаш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришишда фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Ҳукумат қарорига кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланиб, ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгилаб қўйилмоқда.

2019 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорлик ҳар гектарига 30 центнер ва ундан паст бўлганида 2 баробар, 31 центнердан 40 центнергача бўлганида 1,5 баробарга кўпайтирувчи коэффициентлар қўллаш тартиби киритилади.

Қарорда 2019 йил ҳосили учун етиштириладиган 3-синфли юмшоқ буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархини 1.200.000 сўм миқдорида белгилаш таклифи қабул қилинган.

Ўрнатилаётган янги тартибга кўра, 2019 йил ҳосилидан бошлаб:

а) қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда, бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан:

  • 41 центнердан 50 центнергача бўлганида — 10 фоиз;
  • 51 центнердан 60 центнергача бўлганида — 20 фоиз;
  • 61 центнер ва ундан юқори бўлганида — 25 фоиз харид нархига устама;

аксинча:

  • 30 центнер ва ундан кам бўлганида  — 25 фоиз;
  • 31 центнердан 40 центнергача бўлганида — 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлат хариди учун қабул қилинган доннинг умумий ҳажми ҳисоб-китоб қилинади.

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бошоқли дон ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизигача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) йиллик 5 фоиз миқдорда (шундан, банк маржаси — 1,5 фоиз) берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Р.Н.Раҳматов, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси (У.Я.Халилов), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар прокурорлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари — ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда хизматлар сифатли кўрсатилиши, бу борада тузилган шартномалар мажбуриятлари тўлиқ бажарилиши, моддий-техник ресурслар талон-тарож қилиниши ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда уларнинг нархи оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилишига шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид