Ўзбекистон | 01:09 / 27.11.2018
5758
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан холи ҳудуд”​ ойлиги эълон қилинди

2018 йилнинг 25 ноябрь кунидан 25 декабрь кунига қадар Тошкент вилояти ҳудудида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан холи ҳудуд” ойлиги ўтказилиши белгиланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берган. ​

Тошкент вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, прокуратура, ички ишлар, солиқ идоралари ҳамда бошқа давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, масъул раҳбар ва ходимлар иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди. 

Жумладан, “Тошкент вилоятининг шаҳар-туманлари ҳудудларида ҳамкорликдаги “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан холи ҳудуд” комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги Қўшма қарорга асосан, 2018 йилнинг 25 ноябрь кунидан 25 декабрь кунига қадар вилоят ҳудудида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан холи ҳудуд” ойлиги ўтказилиши, бу борада вилоят шаҳар-туманларида секторлар кесимида ҳар бир хонадонларни ўрганиш, фуқароларнинг шарт-шароитлари билан танишиб, муаммоларини аниқлаш ҳамда сектор раҳбарлари ва тегишли органлар томонидан ечимини топтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, нотинч, ноқобил оилаларга мураббий бириктириш ва улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳокимлик вакиллари, Хотин-қизлар қўмиталари, “Нуронийлар” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи бўлимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, тиббиёт бирлашмаси, профилактика инспекторлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамжиҳатликда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ ва тизимли тадбирлар белгилаб берилди.

Маълумот учун, вилоятда талончилик жинояти 2017 йилда – 116та қайд этилган бўлса, жорий йилда ушбу ҳолат 65 марта такрорланиб, жиноятчилик 44 фоизга камайган. Шунингдек, безорилик ўтган йилга нисбатан 83 марта кам содир этилиб, ушбу ҳуқуқбузарлик 48 фоизга камайган.

Мавзуга оид