Технология | 11:44 / 27.11.2018
20455
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбектелеком» интернет тезлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот беради

Фото: KUN.UZ

30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, IT-технологияларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва уларнинг миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган анжуман ўтказади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги давлат органлари, ташкилотлари ва корхоналари, операторлар ва провайдерлар иштирок этадилар.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси президентининг интернет тармоғига чиқиш нархларини пасайтириш, шунингдек уланиш тезлигини ошириш ва 2020 йилга келиб МДҲ давлатлари даражасигача кўтаришга оид топшириқларини бажариш бўйича «Ўзбектелеком» АК ҳисоботи тақдим этилади.

Компания хабарига кўра, ўтган 10 ой мобайнида «Ўзбектелеком» АКда зарур бўлган яхшиланишлар тизимли таҳлил қилинди, керакли қурилмалар сотиб олинди, дастур-жадвал ишлаб чиқилиб, ташқи канал ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва операторлар, провайдерлар ва охирги фойдаланувчилар учун Интернетга чиқиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Билдирилишича, анжуман алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги давлат органлари, ташкилотлари ва корхоналари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси операторлари ва провайдерлари ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Компания томонидан телеграм-бот ишга туширилди, бу ерда Компанияга бажарган ишлар ҳақида ҳар қандай савол бериш мумкин. Энг яхши саволлар муаллифлари тадбирга таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 декабрдан Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробарга ошиши ваъда қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид