21 ноябрь куни UMS уяли алоқа оператори устав капиталидаги давлат улуши 100 фоиз «Рақамли ишонч» жамғармасига топширилиши ҳамда халқаро телекоммуникация тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқига эга бўлгани (унинг бошқа рақобатчиларида бундай ҳуқуқ йўқ) маълум қилинди. Spot.uz Beeline Uzbekistan бош директори Дмитрий Шуковнинг шу янгиликка муносабатини келтирди.

Дмитрий Шуков
Фото: Халқаро пресс-клуб

Рақамли экотизим давлат компанияларининг бошини силаш билан эмас, бозор ва кескин рақобат муҳитида пайдо бўлади.

Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг декабрида 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилганида, биз - Beeline компаниясидагилар АКТ соҳасида технологик ва асосийси, бошқарувда силжиш бўлади, деган умидда эдик.

Ўшандаёқ 1999 йилда қабул қилинган «Телекоммуникациялар тўғисида»ги қонун бошқа норматив ҳужжатлар билан бирга эскиргани, давлат раҳбарининг ташаббуси эса қонунчилик базаси ва амалиётини зудлик билан ва тубдан яхшилаш учун тарихий имконият бўлиши барчага аён бўлганди.   

Афсуски, бугун, орадан бир йил ўтгач, афтидан, бу имконият бой берилди, дейиш мумкин.

Гап ҳаттоки тўртта мобиль алоқа операторидан иккитаси давлатга тегишли бўлган (UMS ва Uzmobile) ғаройиб бозор тузилмаси ҳақида ҳам эмас. Бу борада саволлар йўқ, зеро бу тасодифлар тўқнашуви натижасида юзага келган.

Аммо регуляторнинг йилдан-йилга давлат операторларига солиқ тўловчилар ва хусусий операторлар ҳисобидан имтиёз ва устунликлар бериши тушунмовчилик уйғотади.

Бутун дунёда давлат корхоналари, айниқса, сервис соҳасида, кўпинча паст самарали бўлиши ҳеч кимга сир эмас: улар тенг шароитларда озгина натижага эришиш учун кўп ресурс сарфлайди.

Саноқсиз имтиёзлардан фойдаланган Uzmobile ўтган тўрт йил ичида қандай натижага эришгани ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бир саволни бермасликнинг иложи йўқ: «Ғарб инвесторининг муваффақиятли бизнесига ҳам зарар етказиш шунчалик зарурми?»

Биргина ўтган йил давомида телекоммуникация ва антимонопол регуляторлар қўллаб-қувватлаши остида Beeline радиочастота спектрларининг катта қисми ва интерконнект ноллаштирилганидан тушган 100 млрд сўмдан ортиқ тушум рақобатчилар фойдасига олиб қўйилди.