Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш бўйича фармон қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 29 ноябрь куни «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ҳужжатда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш, экспорт қилувчи ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рақобатбардош экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кўпайтирилишини рағбатлантириш мақсадида, 2019 йил 1 январдан бошлаб, экспортчи корхоналарга имтиёзлар жорий қилинган.
Хусусан, товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар солиқ солинадиган базани:
- товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми юзасидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича;
- товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган қисми юзасидан ягона солиқ тўлови бўйича камайтириши мумкинлиги белгиланган.
Аммо, бу имтиёзлар хомашё товарларини экспорт қилишга, шунингдек, халқаро ташишлар (автотранспортдан ташқари) ҳамда узатиш қувурлари ва газ қувурлари орқали етказиб бериш хизматларига нисбатан татбиқ этилмаслиги қайд қилинган.
Имтиёзларнинг қўлланилиши натижасида тўланмаган маблағлар қуйидаги ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ пеня ҳисобланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилиши белгиланган:
- товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти фактини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
- товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида валюта тушуми таъминланмаганда.
Фармон билан Молия вазирлигига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу Фармонга мувофиқ берилаётган имтиёзларни назарда тутиши ҳақида кўрсатма берилган. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси ушбу Фармонга мувофиқ имтиёзларни қўллаш устидан тизимли назорат ўрнатиши шартлиги қайд қилинган.
Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов, президент администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва бош вазир ўринбосари, молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклатилди.
Мавзуга оид
09:30 / 22.06.2026
Ўзбекистон қайси мамлакатларга кўпроқ маҳсулот сотмоқда?
08:29 / 01.06.2026
Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи
18:07 / 30.05.2026
Ўзбекистондан Сурияга маҳсулотлар экспорти бошланади
20:49 / 29.05.2026