Жаҳон | 10:33 / 30.11.2018
9911
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: «Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун ёпиқ мавзулар йўқ»

 2018 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон элчиси Носиржон Юсупов Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Беларусь етакчисининг матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашувда Беларусь раҳбари ўз мамлакати икки томонлама ҳамкорликнинг йўл харитасини тўлиқ амалга оширишга содиқ эканини тасдиқлади.

Лукашенконинг таъкидлашича, яқинда йўл харитаси - икки мамлакат ўртасида келажак учун ҳаракатлар режаси тасдиқланди Ҳужжатни Ўзбекистон ва Беларусь бош вазирлари имзоладилар.

«Шавкат Миромоновичга етказиб қўйинг, мен ушбу режа амалга оширилишини қатъий назорат қиламан, уни тўла амалга оширишга содиқмиз», - дея қайд этиб ўтди Беларусь етакчиси.

Лукашенконинг билдиришича, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик яхши ва жадал ривожланиб бормоқда. «Буларнинг барчасидаги энг муҳим натижа шуки, биз ўтган йиллар давомида тўпланиб қолган, ҳамкорликдаги кечикишларни бартараф қилдик», - деди у.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, ушбу давр мобайнида мамлакатлар аввалги ўн беш - йигирма йил ичида шаклланган, ҳамкорликни ривожлантиришдаги қарзларни йўқ қилган.

Александр Лукашенконинг маълум қилишича, Ўзбекистон президенти Беларусга ўзи учун қулай бўлган вақтда ташриф билан келиши мумкин.

Беларусь президентининг таъкидлашича, элчига Ўзбекистон президентининг Беларусга ташрифини ташкил этиш учун кўмак тақдим этилади.

«Биз ҳар доим сиз учун ишончли ҳамкор бўламиз, ҳамкорлик учун ёпиқ мавзулар йўқ. Биз кўп нарсаларни қила бошладик ва ҳали кўп нарсаларни қиламиз», - дея хулоса қилди Лукашенко.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лукашенко Беларусь иқтисодиётидан хавотирда экани айтилганди.

Мавзуга оид