Жаҳон | 09:02 / 02.12.2018
17235
3 дақиқада ўқилади

Мексиканинг янги президенти ўз инаугурацияси вақтида аввалги президентлар қилмаган ишни қилди

Фото: Jorge Carballo

Мексика президенти лавозимини бажаришга киришган Андрес Мануэль Лопес Обрадор ўз ичига маҳаллий халқларнинг урф-одатларини олган инаугурация маросимидан ўтди.

Инаугурация вақтида мексикаликлар президентнинг устидан шифобахш ўтлар тутунини айлантириб чиқишган. Ҳиндулар ривоятларига кўра, бу ёвуз руҳлар ва ёмон кўзлардан сақлайди. Шундан кейин Лопес Обрадор маҳаллий халқлар вакилларидан “ҳукмдорнинг муқаддас асо”ни олган. 

Маросим Мехикодаги марказий майдон – Сокалода 70 мингга яқин одам кўз ўнгида бўлиб ўтган. Янги президент миллий саройнинг марказий дарвозаларидан чиқиб, оломон олдига борган. У аввалги президентлар ҳеч қилмаган ишни қилиб, эркаклар қўлини сиқиб, аёллар қўлини ўпган.

Лопес Обрадор халқаро ҳамкорликда коррупцияга қарши курашувчи давлатларга устунлик беришга ваъда берди.

“Пора ва коррупция учун жазолайдиган ва ҳалол давлатлар билан ҳамкорлик қиламиз”, деб айтган Лопес Обрадор инаугурацияси вақтида.

Лопес Обрадор, шунингдек, CISEN разведка хизмати тугатилишини маълум қилган. У бу хизматни аввалги раҳбариятнинг сиёсий душманлари ортидан жосуслик қилишда гумон қилган.

“CISEN тугатилади. Мухолифат ва фуқаролар ортидан бошқа айғоқчилик қилинмайди. Разведка энди тинчлик ва миллий хавфсизликни сақлаш учун ишлайди”, деб айтган янги президент, бироқ бу иш билан қайси ташкилот шуғулланишига ойдинлик киритмаган.

“Мен Мексика халқига хоинлик қилмасликка ваъда бераман, биз Мексика давлат ҳаётини тозалаймиз”, деб ваъда берган Лопес Обрадор.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг барча дастурларида турли ҳинду ҳалқлари учун имтиёзлар кўзда тутилади. “Бу дастурлар қайси синф, майдон, партия, ташкилотга тегишли  бўлишига қарамасдан, барча мексикаликларни, бироқ биринчи навбатда ночорларни қамраб олади”, деб айтган янги президент.

Лопес Обрадор бу лавозимда 2024 йилгача қолади, бироқ бошқарувининг 2,5 йилидан кейин халқнинг унга ишончи бўйича референдум ўтказишга ва унинг натижаларига кўра президент сифатидаги кейинги тақдири бўйича қарор қабул қилишга ваъда берган.

Мавзуга оид