ДСХ органлари томонидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш - солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига борган ҳолда солиқ органлари томонидан амалга ошириладиган ўрганишдир.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш иштирокчилари - солиқ органларининг мансабдор шахслари ҳамда солиқ тўловчи, шунингдек, солиқ тўловчининг вакиллари.
Солиқ тўловчидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга тааллуқли бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ёхуд солиқ органи мансабдор шахслари томонидан молия-хўжалик фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни тайинлашга камерал назорат натижаларига кўра солиқ органининг талабномасига биноан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш мақсадида уни ўрганиш зарурати асос бўлади.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:
солиқлар ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлиги;
устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмаларининг соф фонда ва дивидендлар ҳисобланиши тўғрисидаги, шунингдек, давлат унитар корхоналари томонидан уларнинг соф фойдасидан давлат бюджетига 30 фоиз миқдорида ажратмани аниқлаш тўғрисидаги ҳисоботида солиқ органларида хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига доир бошқа маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги;
камерал назорат натижасида солиқ тўловчининг банк ҳисоб рақамларида пул маблағларининг ҳаракатлари таҳлилида харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товар-моддий бойликлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳажми, номенклатураси (ассортименти) ва суммаси ўртасида аниқланган номутаносибликлар;
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот тақдим этиш мажбурияти юкланган органлар ва ташкилотлардан солиқ органларига келиб тушган ахборотлар таҳлили бўйича аниқланган тафовут ва фарқлар;
валюта қонунчилиги соҳасида аниқланган қонунбузарликлар, шу жумладан, ташқи савдо шартномалари бўйича импорт ва экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархининг оширилиши ва пасайтирилиши.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошириш мақсадида, ўрганилаётган солиқ тўловчи, ўрганишни амалга ошириш учун асос бўлган солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома, ўрганиш муддати, шунингдек, солиқ органининг ўрганишни амалга оширадиган мансабдор шахслари таркиби кўрсатилган буйруғи чиқарилади.
Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларига мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериш;
мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш материаллари билан танишиш ва натижаси бўйича маълумотлар олиш;
ўрганишни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳамда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга алоқаси бўлмаган ҳужжатлари ва талабларини бажармаслик;
ўрганишни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;
мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш амалга оширилишида қатнашиш учун ўзларининг вакилларини таклиф қилиш ҳуқуқига эга.
Солиқ тўловчилар қуйидагиларга мажбур:
мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошираётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига ўрганиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишлари;
мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларини ишлаб чиқариш ҳудудларига, омбор, савдо биноларига ҳамда бошқа бинолар, шу жумладан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларга кўздан кечиришни амалга ошириш учун киритишлари;
солиқ органлари мансабдор шахсларининг мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга тегишли бўлган қонуний талабларини бажариш, шунингдек, мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш давомида уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик.
Солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
камерал назорат натижаларининг ҳаққонийлигини текшириш мақсадида солиқ тўловчининг фақат мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга тегишли бўлган бухгалтерия, молия, статистика, банк маълумотлари ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш;
солиқ тўловчи томонидан ишлаб чиқариш ҳудудларини, омбор, савдо биноларини ҳамда бошқа бинолар, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш;
фақат мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга тегишли бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини олиш;
кўздан кечириш давомида товар-моддий захиралар ва асосий воситалар камомади ёки ортиқча товар-моддий захиралар ва асосий воситалар, шунингдек, уларни яроқсизланганлик ҳолати аниқланганда, қонунчиликда кўзда тутилган тартибга мувофиқ инвентаризацияни (тўлиқ ёки танлов асосида) ташкиллаштириш, ҳужжатларни талаб қилиш ва солиқ тўловчидан тушунтиришлар олиш;
солиқ тўловчи томонидан товар-моддий бойликлар воситачига ёки масъул сақлашга берилган ҳолларда комитент/комиссионер ва масъул сақловчиларнинг омборларини талабнома расмийлаштирмаган ҳолда солиқ органининг тегишли буйруғи асосида кўздан кечириш.
Солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:
мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш бошланишидан олдин солиқ тўловчини ўрганиш мақсади билан таништириш ва ўзларининг хизмат гувоҳномаларини кўрсатишлари;
солиқ тўловчига солиқ органининг мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма нусхасини тилхат олиш орқали топширишлари;
қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ сирига риоя этиш.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатлар солиқ тўловчи ёки унинг вакилига топширилган пайт ўрганиш бошланган пайт деб ҳисобланади.
Мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш фақат камерал назорат ўтказилган солиқ даври учун амалга оширилади. Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошириш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.
Мавзуга оид
07:34 / 25.07.2023
Ҳукумат давлат муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлади
16:13 / 27.06.2023
ОАВни қўллаб-қувватлаш бўйича 5 та низом тасдиқланди
09:11 / 03.08.2022
Ўзбекистонда ходимни хизмат сафарига юборишнинг янги тартиби белгиланди
07:35 / 01.03.2022