Жамият | 00:19 / 04.12.2018
9466
2 дақиқада ўқилади

Кун санаси: 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни

3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни. “Илҳом” театрида бўлиб ўтган мазкур санага бағишланган тадбирда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, шунингдек вазирликлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари қатнашишди. Тадбир БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ҳамда БМТ Ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан ташкиллаштирилди. 

Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни ҳар йили нишонланувчи сана бўлиб, ундан кўзланган мақсад – сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча жабҳаларида бундай инсонларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилиш. Ушбу байрамга 1992 йилда асос солинган бўлиб, ўшандан буён асосий эътибор омма томонидан ногиронларнинг муаммолари тушунилишига кўмаклашиш ҳамда бундай инсонларнинг шаъни ҳамда ҳуқуқлари қадрланиши ва уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитларни таъминлаб беришга қаратиб келинади.

ЮНИСЕФнинг Facebook саҳифасида қайд этилишича, 2018 йилда мазкур сана «Ногиронларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инклюзивлик ва тенгликни таъминлаш» шиори остида нишонланмоқда. Бунда асосий эътибор инклюзив, адолатли ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун ногирон инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилади. 

Фото: Камиль Еникеев

 “Фаоллаштириш 2.0” форуми доирасида ижтимоий жиҳатдан турлича ногиронлиги бўлган инсонлар ўзлари дуч келаётган муаммолар ҳамда тўсиқларни қандай енгиб ўтганлари хусусида сўзлашди. Таъкидланишича, ногиронлиги бўлган инсонларга тенг имкониятлар тақдим этилиши уларга ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишга имкон беради.

Фото: Камиль Еникеев

Шу куннинг ўзида “Илҳом” театрида “Биз-инклюзив” деб номланувчи кўргазма ўз ишини бошлади. Ушбу кўргазма мутасадди раҳбарлар ҳамда оммага ногирон инсонлар, хусусан, ногирон болаларнинг ҳаётига назар солиш имконини беради. Кўргазма шу йилнинг охирига қадар очиқ.

Мавзуга оид