Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон маданий мероси халқаро медиа-форуми: иштирокчилар, ғолиблар, VIP-тур ва Spark
Бугун Тошкентда 10-11 декабрь кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасига бағишланган халқаро медиа-форум олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Фанлар Академияси академиги Эдвард Ртвеладзе ҳамда лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, журналистларга форум ҳақида маълумот беришди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
“10-11 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган халқаро медиа-форумда 2018 йил якунлари сарҳисоб қилинади ва 2019 йил учун “йўл харитаси” тузилади. Таъкидлаш жоизки, буларнинг бари маданий мерос масаласига катта эътибор қаратувчи Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси остида амалга оширилмоқда. 10 декабрь куни бўлиб ўтадиган халқаро форум 350 иштирокчини қамраб олади, улар орасида халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий ва миллий экспертлар, музей, кутубхоналар ва илмий институтлар раҳбарлари ва умуман Ўзбекистон маданий меросига бефарқ бўлмаган барча инсонларни кўриш мумкин. Германия, Чехия, Япония ва Россиядан кўплаб олимлар таклиф этилган”, - дейди Азиз Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, халқаро форум доирасида Темурийлар тарихи давлат музейига “Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси” серияси 30 китоби ва темурийлар буюк мероси нодир қўлёзмалари факсимил нашрлари топширилади. Шунингдек Ўзбекистондаги илк тўлдирилган реаллик эффектига эга китоб тақдимоти бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, бугунги анжуман доирасида Бош вазир ўринбосари томонидан туризм соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва таҳлили ўрин олган “Туризмнинг оқ китоби 2018” тақдим этилди.
Мақсад
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистон маданий-тарихий мероси, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш орқали оммавий ахборот воситалари ижодкорлари ҳамда ижодкорларни рағбатлантириш.
Иштирокчилар
Фестивалда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, медиа соҳаси раҳбарлари, блогерлар, кинематографлар, продюсерлар ҳамда ижодий гуруҳлар иштирок этади. Меҳмон сифатида таниқли маҳаллий ва хорижий олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, сайёҳлик компаниялари вакиллари ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.
Номинациялар
Форум доирасида ўтказиладиган энг яхши медиа-маҳсулотни аниқлашга қаратилган танлов уч номинация бўйича ўтказилади:
- Маданий-тарихий Ўзбекистон;
- Ўзбекистон – туристик маскани;
- Гастрономик Ўзбекистон.
Ғолиблар қандай аниқланади?
Энг яхши асарларни аниқлаш учун фестивалнинг Эксперт гуруҳи ташкил этилди. Танлов натижаларига кўра, эксперт гуруҳи томонидан ҳар уч номинация бўйича учтадан, жами тўққиз видеоролик танлаб олинади.
10 декабрь куни фестиваль иштирокчилари ҳамда меҳмонлари иштирокида ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш орқали ғолиблар аниқланади.
Фестивалга, шунингдек, хорижий иштирокчиларнинг роликлари ҳам қўйилади. Эксперт гуруҳи томонидан энг яхши деб топилган уч ролик онлайн овоз бериш орқали аниқланади.
Тақдирлаш
Танловнинг ҳар уч номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган 3 нафар финал иштирокчиси фестиваль Гран-приси - бош соврин – Spark автомобили учун номзод этиб белгиланади. Ҳакамлар томонидан жонли овоз бериш орқали ғолиб деб топилган иштирокчига бош соврин берилади.
Танловда ғолиб бўлган хорижлик иштирокчи учун асосий соврин – VIP-тур - Ўзбекистоннинг энг ўрганилмаган, сирли ва муқаддас масканларига ташриф буюриш имконияти яратилади. VIP-тур ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Энг яхши роликлар муаллифлари X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалининг қимматбаҳо совғалари ва эсдалик дипломлари билан тақдирланишади.
Танловга фақатгина муаллифлик ҳисобланган, давомийлиги 2 дақиқагача бўлган, ўзбек ва рус тилларидаги роликлар қабул қилинади.
Қандай янгиликлар кутилмоқда?
Тадбирда таниқлик олимларнинг иштироки кутилмоқда, улар ўз кашфиётлари ва топилмалари ҳақида сўзлаб беришади. Дунёга машҳур олим петербурглик Эфим Резван Ўзбекистонга тегишли дунёнинг 114 Қуръон китоби ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашади. Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр китоб нашриётида кенгайтирилган воқеликни қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беради.
Шунингдек ўзбек олимларининг ўтмишда кичик нашрларда чоп этилган, натижада кенг доирадаги китобхонларнинг фойдаланишига имкон бўлмаган қимматли илмий асарларини қайта нашр этиш лойиҳаси тақдим этилади. Ушбу туркумнинг биринчи китоби – Э. В. Ртвеладзенинг “Буюк Ҳинд йўли”. Бундан ташқари, “Ўзбекистоннинг 100 машҳур қўлёзма ёдгорлиги” лойиҳасининг тақдимоти – Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” факсимилеси тақдимоти кутилмоқда.
Форум доирасида “Россия – Культура” телеканалининг ЎзЭОАВМА билан биргаликдаги “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” тўрт серияли ҳужжатли фильми, шунингдек Германия кинокомпанияси томонидан “Ўзбекистоннинг буюк файласуфлари” фильмини суратга олиш бўйича лойиҳанинг ревьюси ўтказилади.
Икки кунлик фаол мулоқотлар ва тақдимотлар, кашфиётлар ва тақдирлаш маросимлари Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлади.
Тадбир доирасида "Замонавий дунёдаги маданий мерос: сақлаш ва оммалаштириш" мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг доимий кўргазмасини очилиш маросими бўлиб ўтади.
Форумнинг маданий дастурини Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини оширишга йўналтирилган “X Ижтимоий медиа-маҳсулотлари миллий фестивали” давом эттиради.
Шунингдек, тадбирлар доирасида жорий йилда нашрга тайёрланган 10 та альбом тақдимоти режалаштирилган.
Бундан ташқари, интерактив ҳудудда Ўзбекистонда биринчи марта илмий-маданий соҳада 3D технологияси тақдимоти бўлиб ўтади.
Форум натижалари бўйича Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятининг 2019 йил учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Ташкилотчилар
Фестиваль Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши ҳамда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилмоқда.
Танловда қатнашиш истагини билдирганлар ўз ишларини [email protected] почта манзилига боғланиш шаклида ёки ихчам шаклда юборишлари сўралади.
Маълумот учун телефонлар: +998935716334 (ўзб); +99894 6239787 (рус)
Ижодий ишлар шу йилнинг 7 декабрига қадар қабул қилинади.
Мавзуга оид
17:37 / 13.06.2026
16−18 июн кунлари Тошкент шаҳрига юк машиналари киритилмайди
17:36 / 05.06.2026
Саида Мирзиёева UNEP ва GEF раҳбарияти билан учрашди
22:23 / 14.05.2026
Осиё хотин-қизлар II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди
19:30 / 14.05.2026