Иқтисодиёт | 10:09 / 05.12.2018
16853
3 дақиқада ўқилади

2035 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 479 млрд долларга етказилади 

Фото: Depositphotos

“Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан KPMG аудитор-консалтинг ташкилоти кўмагида Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Тараққиёт стратегияси” марказида 4 декабрь куни мазкур концепция лойиҳасининг дастлабки тақдимоти бўлиб ўтди. 

ЎзА’нинг ёзишича, Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясидан мақсад мамлакатни дунёнинг иқтисодиёти ривожланган 50 давлати қаторига киритиш.

Концепция лойиҳаси давлат бошқарувини ислоҳ этиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, инновация ва технологияларни қўллаб-қувватлаш каби асосий йўналишлардан иборат. 
 
Лойиҳанинг давлат бошқарувини ислоҳ қилиш йўналишида қонунчилик базасини такомиллаштириш, суд тизимини ислоҳ этишни давом эттириш, аҳоли сиёсий маданиятини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро индекслардаги ўрнини юксалтиришга имкон берадиган давлат бошқаруви институтларини такомиллаштириш вазифалари белгиланган. 

Иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси ва қишлоқ хўжалигини равнақ топтириш, тадбиркорда ташаббускорликни кучайтириш, молиявий ресурслар билан таъминлаш каби омилларга асосланади.

Иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобига 2035 йилга бориб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 479 миллиард долларга етказилади. Ўсиш суръатининг бундай кўламини белгилашда ЯИМнинг номинал ўсиши, иқтисодиёт самарадорлиги, аҳоли жон бошига даромадлар ошиши ҳисобга олинган, Хитой, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Таиланд каби давлатларнинг иқтисодий ривожланиш динамикасига қиёсланган. 

Бугунги кунда туризм соҳасининг улуши мамлакат ялпи ички маҳсулотида 1,4 фоизни ташкил этса, 2035 йилда уни 28 фоизга етказиш режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 300 мингтага етказиш, тармоқдаги бандликни 1,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўлимида таълим тизими, меҳнат бозори ҳисобига инсон капиталини ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали одамларнинг соғлиғини яхшилаш кўрсаткичини ошириш, ижтимоий ҳимоя, атроф-муҳитни асраш, илғор фикрлайдиган янги авлодни шакллантириш, мамлакатнинг миллий брендини халқаро миқёсда оммалаштириш каби мақсадлар баён этилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид