22:21 / 05.12.2018
15991

Андижонда байрам олдидан йирик ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди

Андижон вилоятида қутлуғ сана - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун олдидан бир қатор йирик корхоналар иш бошлади.

Вилоятнинг чўл ҳудудида жойлашган Бўз туманида 70 минг аҳоли истиқомат қилади. Байрам арафасида туманда “Сайёра фаввораси” жамияти томонидан йирик лойиҳа – пахта толасидан калава ип ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятга киришди. Йилига 5 минг тонна маҳсулот тайёрловчи корхонада 300 нафар аҳоли вакиллари иш билан таъминланган. Мазкур лойиҳани ташкил этилиши ҳисобига туманда йилига қўшимча 10 млн. АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти туғилди. Корхона байрам муносабати билан тумандаги 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига қишки кийимлар совға қилди. 

 

Шаҳрихон тумани Вахм қишлоғида эса, йилига 150 минг дона аёллар пальтоси ишлаб чиқарувчи “Меҳригиё” корхонасининг очилиш маросими ўтказилди. “Меҳригиё феруз юлдузи” жамияти томонидан ишга туширилган корхонада 250 нафар аҳоли иш билан таъминланди.  

Ҳар икки йирик корхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, ишлаб чиқариш жараёни ва ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. 

Асака ва Қўрғонтепа туманларида вилоят Ермулккадастри корхонаси филиалларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Top