Иқтисодиёт | 20:30 / 05.12.2018
29133
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги 2019 йил Давлат бюджети лойиҳасидаги харажатлар тақсимотини тақдим этди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Буюк Британия элчихонаси билан ҳамкорликда 2019 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси тақдимотини намойиш қилди. Ҳукумат томонидан Олий Мажлисга тақдим этилган 2019 йилги Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 5,4 фоизга ўсиши, инфляция 15,5 фоиз бўлиши ҳисобидан келиб чиқиб прогнозлаштирилган. Унга кўра, 2019 йил Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн. сўмни (2018 йил кутилаётган ижрога нисбатан ўсиш 37,8 фоиз), харажатлари эса 107,1 трлн. сўмни (2018 йил кутилаётган ижрога нисбатан ўсиш 36,4 фоиз) ташкил этади. Тақчиллик эса 4,5 триллион сўм миқдорида бўлади.

Давлат бюджети лойиҳасида кўрсатилишича, харажатларнинг 54 фоизи ижтимоий соҳага, 26,5 фоизи таълимга, 13,1 фоизи иқтисодиёт ва 11,3 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади. Давлат бюджети лойиҳасида прогнозланаётган харажатларнинг энг катта қисми – 54 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади. Қуйидаги инфографикада ижтимоий соҳага сарфланадиган маблағларнинг таркибий тақсимланиши ҳақида тўлиқ маълумот келтирилган.

Инфографика: Молия вазирлиги

Давлат бюджети лойиҳасида прогнозланган харажатларнинг 26,5 фоиз қисми таълим соҳасига ажратилиши кўрсатилган.

Инфографика: Молия вазирлиги

2019 йил Давлат бюджети учун прогнозланган харажатларнинг тўлиқ тақсимоти қуйидагича кўриниш олган:

Инфографика: Молия вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди. Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала киритилмоқда. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган «Очиқ бюджет» ахборот порталидан фуқаролар 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Давлат бюджети тўғрисидаги ўзларини қизиқтирган маълумотларни онлайн тарзда олишлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид