Жаҳон | 20:57 / 07.12.2018
5188
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи коррупция сабабли ҳар йили 900 млрд евро йўқотаётгани маълум қилинди  

Фото: iz.ru

Европа Иттифоқи коррупция сабабли ҳар йили 904 млрд евро йўқотмоқда, бу эса унинг умумий ялпи ички маҳсулотининг 5 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Бу ҳақда Европанинг “яшиллар” партияси докладида айтилган. 

Руминия коррупциядан йўқотишлар бўйича рекордчи деб аталган. Ушбу давлат ҳар йили коррупция сабабли 38,6 млрд евро, яъни ЯИМнинг 15 фоизгачасини йўқотади. Миқдор ҳисобида Италияда коррупция сабабли энг кўп – 236,8 млрд евро йўқотилади. Европа Иттифоқининг етакчи иқтисодиёти – Германия коррупция сабабли 104 млрд евро, Франция эса 120,2 млрд евро йўқотар экан. “Яшиллар”нинг фикрича, коррупция даражаси энг паст давлат Нидерландия бўлиб, бу давлатда коррупциядан йўқотишлар ЯИМнинг 0,8 фоизи ёки 4,4 млрд еврони ташкил қилади.

Доклад муаллифлари коррупцияга қарши курашиш учун Европа Иттифоқи давлатлари бўйича коррупция рейтингини тузишни таклиф қилишмоқда. Мамлакат ушбу рейтингда қанча юқори ўринда турса, Еврокомиссия амалдорлари унинг иқтисодиётига Европа Иттифоқи бюджетидан ажратиладиган маблағларни шунчалик қаттиқ назоратга олишлари керак бўлади.  Шунингдек, Еврокомиссияга Европа Иттифоқи давлатларида коррупцияга қарши курашувчи идоралар устидан назоратни амалга ошириш ваколатини бериш таклиф қилинган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларига коррупциявий схемалар ҳақида маълумот берган гувоҳлар ва информаторларни ҳимоя қилиш бўйича дастурни яратиш таклиф қилинмоқда.

Таъкидланишича, Еврокомиссиянинг расмий докладларида коррупциядан йўқотишлар ҳар йили бир хил миқдорда – 120 млрд доллар қилиб кўрсатилади. Еврокомиссияда таъкидланишича, Европа Иттифоқи давлатлари харажатларининг 20 фоизгачаси амалдорлар чўнтагига “тушади”.

Мавзуга оид