Ўзбекистонда кон ажратиш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, қазиб олиш учун кон ажратиш лицензияга мувофиқ ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланадиган кон ажратиш далолатномаси асосида берилади.
Фойдали қазилмалар конини ёки унинг бир қисмини лицензиясиз ва кон ажратмасисиз ёки унинг чегарасидан ташқарида қазиб олиш тақиқланади
ва ишлаб чиқариш харажатлари қопланмаган ҳолда белгиланган тартибда тўхтатилади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратмаси ер ости участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида кон ажратиш далолатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган (олган) Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилиши мумкин.
Фойдали қазилмалар конини ёки унинг бир қисмини ишлатиш учун кон ажратмаси асосий захиралар ва у билан биргаликда жойлашган фойдали қазилмалар ва уларнинг таркибидаги компонентлар захиралари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланиши ва кон белгиланган тартибда саноат йўли билан ўзлаштириш учун берилиши, шунингдек, лицензия ва ер қаърини муҳофаза қилиш ҳамда ишларни бехатар олиб бориш қоидалари ва нормалари талаблари ҳисобга олинган ҳолда бажарилган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналарни қуриш, реконструкция қилиш ёки кенгайтиришнинг тасдиқланган лойиҳаси мавжуд бўлган тақдирда берилади.
Тажриба-саноат кўламида фойдали қазилмаларни кавлаб олиш кон ажратмаси бермасдан (нефть ва газ конлари бундан мустасно) лицензия ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш муддатига, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилган лицензия ва белгиланган тартибда тасдиқланган ва кончилик муносабатларини тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли органлар билан келишилган лойиҳа асосида берилади. Тажриба ишлари тугагандан сўнг, саноат кўламида қазиб олиш учун ушбу фойдаланувчи Низомда белгиланган тартибга мувофиқ кон ажратмасини расмийлаштириши керак.
Нефть ва газни тажриба-саноат йўли билан қазиб олиш Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси томонидан
уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга бериладиган лицензия ва Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан бериладиган ва белгиланган тартибда кон ажратмаси расмийлаштирилган ҳолда кон ажратмаси асосида амалга оширилади.
Кон ажратмаси лойиҳалари ва тажриба-техник фойдаланишнинг технологик схемалари оператив тасдиқланган захираларга тузилиши мумкин. Конларни тажриба-саноат йўли билан фойдаланиш учун ишга тушириш қазиб олишнинг ушбу босқичига қўйиладиган талабларга риоя қилинган тақдирда мумкин бўлади. Шошилинч кон ажратмаси бериш тартиби ва талаблари муддатсиз кон ажратмаси бериш билан айни бир хилдир.
Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва кенгайтирилаётган корхоналар учун кон ажратиш ушбу корхоналар қурилиши, реконструкция қилиниши ёки кенгайтирилиши бошланишидан олдин расмийлаштирилади.
Фойдали қазилмаларни кавлаб олувчи ва фойдали қазилмалар конларини ишлатувчи корхоналар қурилиши учун ер участкаси ажратиш кон ажратилгандан кейин Ўзбекистон Республикасининг ер ҳақидаги қонунларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Ер қаъридан фойдаланувчи томонидан унга ажратилган конни бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериш тақиқланади. Корхонанинг номи ўзгарган тақдирда кон ажратиш далолатномаси ва топография режаси нусхасидаги ёзув қайта расмийлаштирилади.
Корхоналар, бинолар, иншоотлар, аҳоли пунктлари, шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солувчи умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга эга объектлар ва алоҳида қўриқланувчи ҳудудлар (курортлар, ўрмонзор боғлар, қўриқхоналар, сув таъминоти манбалари ва бошқалар), дарёлар, сув ҳавзалари, тарих, маданият ва санъат ёдгорликлари, қимматли қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, чегара зоналари, аэродромлар, махсус вазифали полигонлар, ажратиб олинган зоналар, мустаҳкамланган районлар, қабристонлар ва бошқа объектлар жойлашган жой ҳудуди остидаги фойдали қазилма конларини ишлатиш учун кон ажратиш маҳаллий давлат ҳокимият органлари, Давлат экология қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кон ишлари учун бериладиган ҳудудда жойлашган ер участкасидан доимий ва вақтинча фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан келишилгандан кейин амалга оширилади.
Махсус вазифали ерлар доирасида кон ажратиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Ер участкасидан фойдаланиш (эгалик қилиш) ҳуқуқининг мавжудлиги ушбу участкада жойлашган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини бермайди.
Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш бўйича корхоналарни қуриш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш ишларини маблағ билан таъминлашга фақат кон ажратилишини тасдиқловчи далолатнома, шунингдек, давлат экология экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда йўл қўйилади ва улар олиб қўйилганда тўхтатилади.
Ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар уларга берилган ер участкалари доирасида ер қаъридан кенг тарқалган фойдали қазилмаларни, ер ости сувларини хўжалик ва маиший эҳтиёжлар учун қазиш мақсадида лицензия ва кон ажратиш далолатномаси олмасдан қуйидаги шартларга риоя қилиш шарти билан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар:
кенг тарқалган фойдали қазилмаларни кавлаб олиш очиқ усулда, бир ўйиқнинг баландлиги икки метрдан ортиқ бўлмаган ва Инспекция билан келишган ҳолда амалга оширилиши керак;
ишлар техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилиши керак;
унумдор қатламни олиб ташлаш ва сақлаш, шунингдек, бузилган ерни кейинчалик қайта тиклаш масаласи ҳал этилиши керак;
кон ишлари бошланишидан 10 кун олдин Инспекция ва маҳаллий ҳокимият органлари хабардор қилиниши керак;
қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилмалар ва ер ости сувларидан
ер участкаси эгаси (фойдаланувчи)нинг хўжалик ёки маиший эҳтиёжлари учунгина фойдаланилиши керак.
Фойда олиш мақсадида қазиб олинган фойдали қазилмаларни бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фуқароларга сотиш ёки беришга йўл қўйилмайди.
Кон ажратишга қўйиладиган асосий талаблар
Кон ажратиш ер ости бойликларидан фойдаланувчига конни саноат йўли билан ўзлаштириш учун бериш-қабул қилиб олиш далолатномаси бўйича саноат йўли билан ўзлаштириш учун бериладиган тасдиқланган захиралар жойлашган бутун майдонга ва унинг чуқурлигига берилади.
Ушбу талаб фойдали қазилмаларнинг биргаликда жойлашган бир неча турларидан иборат бўлган комплекс конларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Йирик конларни ишлатиш учун кон ажратмаси мустасно ҳолларда ушбу коннинг муайян участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияси бўлган икки
ёки бир неча ер қаъридан фойдаланувчиларга берилиши мумкин.
Бир майдонда жойлашган ҳар хил турдаги фойдали қазилма конларини ишлатиш зарурати туғилганда кон ажратмаси ҳар бир конни ишлатиш учун алоҳида берилади. Ушбу ҳолда, шунингдек,йирик фойдали қазилма конлари бир неча ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан қазилганда конни ёки унинг қисмларини қазиш изчиллиги ҳамда кон ишлари ўзаро алоқадорлиги ер қаъридан топилган захираларнинг энг тўлиқ, комплекс ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ қазиб олинишини, ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ишларни бехатар олиб бориш талаблари бажарилишини таъминлаши керак.
Бир майдондаги нефть ва газ горизонтлари иккита ер қаъридан фойдаланувчи томонидан қазиб олинган холларда ушбу Низомда белгиланган тартибда иккита мустақил кон ажратмаси расмийлаштирилиши зарур.
Мавзуга оид
07:34 / 25.07.2023
Ҳукумат давлат муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлади
16:13 / 27.06.2023
ОАВни қўллаб-қувватлаш бўйича 5 та низом тасдиқланди
19:54 / 10.10.2022
“Конда ишлаб касб касаллигига чалинган ишчига қарийб 200 млн сўм товон пули тўлаб берилади” – омбудсман
09:11 / 03.08.2022