Жамият | 21:00 / 10.12.2018
38767
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ўтказилган кўпкарига 60 мингдан зиёд одам келди

Шу куни водийда қадим аждодларимиздан мерос улоқ-кўпкарига қизиқиш катта эканига гувоҳ бўлдик. Миллий қадриятларимиз бўлган ўйинга келган томошабинлар сонини аниқ айтиб беришнинг иложи йўқ эди. 60 минг ҳам тахминий сон. 

Улуғнор тумани Андижон вилоятининг чўл тумани. Кенгликлар, катта майдонларга бой. Туманнинг Оқ олтин қишлоғида вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз касб байрамларини нишонлашди. «Ҳосил байрами» учун 18 гектар майдон ҳозирланди.

Барча туманлардан кўплаб меҳмонлар ташриф буюрди. Ҳар бир туман ўзида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини ташкил қилди.

Байрамнинг асосий томошаси эса – улоқ-кўпкари бўлди. Улуғнорга юртимизнинг турли чеккаларидан, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам чавандозлар келишди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани қизғин қутлаб, байрам билан самимий табриклади. Даврага биринчи бўлиб, от солиб мусобақани бошлаб берди.

600 нафарга яқин полвонлар иштирок этган кўпкари ғолибларига турли совринлар қўйилганди. Хусусан, бош совринга – «Кобальт» автомобили, иккинчи мукофот сифатида эса – «Спарк» автомобили қўйилди.

Андижон туманидан бўлган Сулаймон полвон Мамасолиев барчадан чаққон чиқди. Унга вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан қўйилган бош соврин - «Кобальт» автомашинаси топширилди. «Спарк»ни эса Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Сузоқ туманидан келган Абдухалил полвон Сариқов ўзиники қилди.

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид