Жамият | 13:53 / 10.12.2018
6088
4 дақиқада ўқилади

Маданий мерос: 23 том ноёб китоб Темурийлар тарихи давлат музейига совға қилинди

Бугун, 10 декабрда пойтахтдаги Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтади. Тадбир “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2019 йилда йўл харитасини ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форуми доирасида ўтказилмоқда, дея хабар беради Kun.uz мухбири.   

Кўргазмани Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Маданий мерос жаҳон тўпламларида. 2018 йил якунлари. 2019 йил йўл харитаси” форуми фаолияти бежиз айнан шу ерда, Темурийлар тарихи давлат музейида бошланаётгани йўқ. Ушбу ажойиб музей мустақил Ўзбекистон учун аҳамиятли бўлган буюк инсон ва у билан боғлиқ даврга бағишланган. Темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган давр маърифат даври бўлган. Бежиз таълим масалаларига алоҳида эътибор қаратган астроном-олим Мирзо Улуғбек Бухоро мадрасаси эшигига Пайғамбаримизнинг “Билимга интилиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи” сўзларини туширмаган, ушбу сўзларни бугунги тадбиримизнинг асосий шиори сифатида баҳолаш мумкин. Лойиҳа Ўзбекистон маданияти ва санъатига оид билимларни барча қитъаларда кенгайтиришга йўналтирилган. Мазкур лойиҳа мақсади – тақдир тақозоси билан жаҳон музей ва шахсий коллекцияларидан ўрин олган маданий мерос дурдоналарини нашр қилиш ва ўрганиш. Бугун “Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси” ва “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” серияларининг ноёб дурдоналари – 23 том – Темурийлар тарихи давлат музейига совға қилинади ва унинг экспозицияси бир қисмига айланади. Катта халқаро олимлар жамоаси билан яратилган бу китоблар мамлакатимиз маданиятига қизиқувчилар учун янги ва ҳатто сенсацион билимларни ўзида жамлаган. Президент Шавкат Мирзиёев билим тараққиётнинг энг муҳим шарти эканини бир неча бор таъкидлаганлар. “Ўзбекистоннинг маданий мероси” лойиҳаси юртимиз равнақи учун хизмат қилади”, - деди у.

Шундан сўнг лойиҳа муаллифи ва раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мария дель Пилар Альварез Ласо, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Фанлар академияси академиги Дилором Юсуповалар тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Кўргазма экспозициясидан “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” туркуми альбом-китобларининг 20 томи, “Ўзбекистоннинг архитектура эпиграфикаси” туркуми 12 томи, ҳозирги пайтда турли хорижий мамлакатлар музейларида сақланаётган ноёб ўрта асрлар қўлёзмалари факсимилеси ўрин олган. Жумладан, «Катта Лангар Қуръони», «Темур тузуклари», «Зафарнома», Ҳусан Бойқаронинг «Девони», «Мирожнома» каби асарлар намойиш қилинди. 

Кўргазмага ташриф буюрганлар китоблар билан танишиб чиқишди. Маълум қилинишича, келгусида экспозиция янги томлар билан бойитиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, китоб-альбомларни яратиш учун турли мамлакатлардан Ўзбекистон маданияти ва тарихи бўйича тадқиқот ва ахборот мақолаларини чоп этган 100 дан ортиқ олимлар жалб қилинган. Лойиҳа бир неча йўналишларда амалга оширилади, улардан энг муҳимлари иккита: дунёнинг музей ва хусусий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақидаги китоб-альбомларни чоп этиш, шунингдек, ушбу тўпламлар асосида маълумотларни бойитувчи ҳужжатли фильмларни яратишдир. Ушбу фильмлар уч тилда тақдим этилиб, улар ёзилган дисклар альбомларга илова қилинади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид