Ўзбекистон | 19:30 / 11.12.2018
65031
2 дақиқада ўқилади

Чилонзор тумани ҳокимининг уйини тунаб кетишди. Гумондор шахслар қўлга олинди

Ўтган ҳафтада Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Махаметовнинг хонадонига ўғри тушган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, воқеа 5 декабрь куни содир бўлган, ўғрилар уйдан катта миқдордаги маблағларни олиб чиқиб кетишган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz мухбирига хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман ИИБ ФМБ томонидан ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.  

Айни вақтга келиб, ўғриликда гумонланган 3 киши қўлга олинган.

«Тергов-тезкор тадбирлар натижасида 07.12.2018 йил М.М., Қ.Г. ва  Г.Р. ушланиб, ўтказилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида М.М.нинг хонадонидан ўғирланган ашёлар олинган.

М.М., Қ.Г. ва Г.Р. 09.12.2018 йил жиноят иши юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги чораси қўлланган», дейилади прокуратура хабарида.

Хабарда қайд этилишича, терговда жабрланувчи сифатида Чилонзор тумани ҳокимининг турмуш ўртоғи иштирок этмоқда.

Прокуратура ўғирланган пуллар миқдорига аниқлик киритмаган.

Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Сарвар Махаметов

Маълумот учун, Сарвар Махаметов шу йилнинг октябридан буён Чилонзор тумани ҳокими ҳисобланади. У 2010-2016 йилларда Бектемир тумани ҳокими, 2016-2018 йилларда Яккасарой тумани ҳокими сифатида ҳам ишлаган.

Мавзуга оид