Ўзбекистон | 16:17 / 11.12.2018
12731
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Трансферт нархлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Трансферт нархлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ушбу Қонуннинг мақсади ўзаро алоқадор шахслар ўртасида амалга ошириладиган битимларда трансферт нархни шакллантириш ва қўллашда юзага келадиган Давлат бюджетига йўқотишларни олдини олишдан иборат.

Агар шахслар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари ва/ёки бундай шахслар фаолиятининг ёки мазкур модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг фаолиятининг иқтисодий натижалари бундай шахслар ўртасида амалга ошириладиган битимларнинг шартлари натижаларига таъсир қилса, шахслар ўзаро алоқадор шахслар деб эътироф этилади.

Шахсларни ўзаро алоқадор деб эътироф этиш учун бир ташкилотнинг (жисмоний шахснинг) улар ўртасида тузилган битимга (келишув, шартномага) мувофиқ бошқа ташкилотларнинг устав капиталида иштирок этишидан таъсир кўрсатиши ёки бир шахснинг бошқа шахслар томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилашга бошқа имконияти ҳисобга олинади.  Бунда, бундай таъсир бевосита битта шахс ва мустақил ёки ҳамкорликда мазкур Қонунга мувофиқ  ўзаро алоқадор деб топилган томонидан ўтказилганлиги ҳисобга олинади.

Мазкур Қонун мақсадларида ўзаро алоқадор шахслар деб қуйидаги белгиларнинг фақат биттасига ҳам тушадиган шахслар эътироф этилади:

бошқа ташкилотнинг устав жамғармасида бевосита ёки билвосита иштирок этадиган ва бу иштирокнинг жами улуши 20 ва ундан кўпроқ фоизни ташкил этадиган ташкилотлар ва/ёки жисмоний шахслар;

битимнинг икки иштирокчиси ҳам учинчи шахс томонидан бевосита ва билвосита назорат қилинади ёхуд буни учинчи шахс бевосита ёки билвосита назорат қилади;

бундай ташкилотнинг якка ижро органини тайинлаш (сайлаш) ёки коллегиал ижро органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг камида 50 фоизини тайинлаш (сайлаш) ваколатларига эга бўлган ташкилот ва жисмоний шахс (шу билан бирга, унинг турмуш ўртоғи, шунингдек уларнинг тўғри шажара бўйича қариндошлари);

якка ижро органлари ёхуд коллегиал ижро органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг камида 50 фоизи бир шахснинг (шу билан бирга, унинг турмуш ўртоғи, шунингдек уларнинг тўғри шажара бўйича қариндошлари) қарорига биноан тайинланган ёки сайланган ташкилотлар;

бир ташкилотнинг акционери (таъсисчиси) ёхуд мансабдор шахси бошқа ташкилотнинг акционери (таъсисчиси) ёхуд мансабдор шахси бўлса ва бу иштирокнинг жами улуши 20 ва ундан кўп фоизни ташкил этса;

Жисмоний шахс, унинг турмуш ўртоғи, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ тўғри шажара бўйича қариндошлари;

Жисмоний шахслар (ташкилотлар) суднинг қарори билан мазкур моддада назарда тутилмаган бошқа ҳолларда ўзаро алоқадор шахслар деб эътироф этилиши мумкин.

Ўзаро алоқадор шахслар мезонига тушмайдиган шахслар мустақил деб эътироф этилади.

Мазкур Қонуннинг мақсадида бир жисмоний шахс (ташкилот)нинг бошқа ташкилотдаги улуши бевосита (тўғридан-тўғри) ва билвосита улушларини жамлаш йўли билан аниқланади.

Шахснинг ташкилотдаги бевосита иштироки улуши деб шахсга тегишли бўлган ташкилотнинг овоз берувчи акциялари (ташкилотнинг устав капитали (фонди)даги улуши) эътироф этилади, бундай улушларни аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, бевосита ушбу ташкилотнинг иштирокчисига тегишли бўлган улуш  ушбу ташкилотнинг умумий иштирокчилари сонига пропорционал тарзда аниқланади.

Агар ташкилотнинг акциялари (устав капитали (фонди)даги улуши) инвестицион активлар таркибига киритилган бўлса, бундай ташкилотдаги бевосита улуш (ҳиссага киритилган мулк улуши) бундай инвестицион фонд иштирокчилари сонига пропорционал тарзда аниқланади, бундай улушни аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда – шахслар сонига пропорционал тарзда аниқланади.

Шахснинг бошқа ташкилотдаги билвосита улуши қуйидаги тартибда аниқланади:

шахснинг ташкилотдаги барча кетма-кетликдаги иштироки ҳар бир кейинги ташкилотдаги тегишли кетма-кетлик бўйича бевосита ҳар бир олдинги ташкилот (жисмоний шахс)нинг бевосита иштироки асосида аниқланади;

ҳар бир олдинги ташкилот (жисмоний шахс)нинг ҳар бир кейинги ташкилотдаги бевосита иштироки тегишли кетма-кетлик асосида аниқланади;

бир ташкилот (жисмоний шахснинг) бошқа ташкилотдаги ҳар бир кетма-кетлик бўйича билвосита улуши дастлабки икки ташкилот (жисмоний шахс)нинг тўғридан тўғри кетма-кет иштирокида ҳосил қилинган улуш сифатида аниқланади, кейинги иштирок мавжуд бўлган ҳолларда ҳосил бўлган кўпайтмани кейинги тўғридан тўғри кетма-кет улушни кўпайтириш орқали ва ҳар бир кейинги ҳосил қилинган кўпайтмани кейинги кетма-кет иштирокка кўпайтириш орқали охирги ташкилотгача кетма-кетлик бўйича аниқланади.

Шахснинг бевосита(тўғридан-тўғри) ва билвосита улушни аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Шахснинг ташкилотдаги улушини аниқлаш бўйича ҳолатлар суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Мазкур Қонун мақсадида назорат қилинувчи битимлар деб мазкур Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан назоратга олиниши лозим бўлган барча битимлар мажмуи тушунилади.

Мазкур Қонун мақсадида бундай битимларга қуйидаги битимлар тенглаштирилади:

тегишли календарь йили учун ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошланғич битим суммасидан барча битимлар қиймати ортиқ бўлган битимлар жамланмаси;

тегишли календарь йил учун мустақил шахслар ўртасидаги битимлар натижасида ўзаро алоқадор бўлган шахслар ўртасидаги битим, бунда барча битимларнинг умумий суммаси битимлар суммасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган суммасидан ортиқ бўлган битимлар;

имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи давлат ва ҳудудлар фуқаролари, шунингдек оффшор зоналардаги контрагентлар билан тузилган битимлар (фақатгина ўзаро алоқалар мавжуд эмаслиги исбот этилмаган тақдирда);

халқаро савдо ва жаҳон биржа савдоси миқёсидаги битимлар.

Иштироки ёки воситачилиги орқали бундай битимлар мажмуи амалга оширилган учинчи шахсларнинг мавжудлигини инобатга олмаган ҳолда, мазкур модданинг биринчи хатбоши иккинчи қисмида кўрсатилган битимлар ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларга тенглаштирилади, бундай учинчи шахслар алоқадор деб эътироф этилмайди, лекин кўрсатилган битимлар мажмуида иштирок этувчилар деб инобатга олинади.

Назорат қилинувчи битимларнинг трансферт нархлари шакллантирилишини назорат қилишда солиққа тортиш мақсадида ваколатли органлар мазкур Қонун билан назарда тутилган қуйидаги усуллардан фойдаланадилар:

Солиштирма бозор нархлари усули;
Келгуси реализация нархи усули;
Харажат усули;
Солиштирма рентабеллик усули;
Фойдани тақсимлаш усули.

Мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган икки ва ундан ортиқ усуллардан фойдаланишга рухсат этилади, бунда солиштирма бозор нархлари усули устунлик қилади.

Солиштирма бозор нархлари усули таҳлил қилинаётган битимнинг бозор нархи кўламида товар (иш, хизмат)лар нархининг солиштирма бозор нархи асосида аниқланади.

Предмети бир хил товар (иш, хизмат)лар (улар мавжуд бўлмаганида ўхшаш) бўлган фақатгина битта солиштирма битим ҳақида маълумот мавжуд бўлган тақдирда, агар кўрсатилган битимнинг тижорат ва/ёки молиявий  шартлари таҳлил қилинаётган битимнинг тижорат ва/ёки молиявий шартлари билан тўлиқ мос келса (ёки тегишли тузатишлар асосида бундай шартларнинг тўлиқ мослиги таъминланган бўлса), шунингдек солиштирилаётган битимда товар (иш, хизмат)ларнинг сотувчиси солиштирилаётган битимда худди шу товар (иш, хизмат)лар  (улар мавжуд бўлмаган тақдирда ўхшаш) бозорида  етакчи ҳолатни эгаллаган бўлса, кўрсатилган битим нархлари бир вақтнинг ўзида бозор нархи чегарасининг  минимал ва максимал  қиймати деб эътироф этилиши мумкин.

Предмети бир хил товар (иш, хизмат)лар (улар мавжуд бўлмаслигида ўхшаш) бўлган бир нечта солиштирма битимлар тўғрисида маълумот мавжуд бўлган тақдирда (шунингдек  битим иштирокчилари ўзаро алоқадор бўлмаслик шарти билан иштирокчилар томонидан тузилган битимлар), бозор нархларининг чегараси солиштирма битимларда қўлланилган умумий нархларни таҳлил қилиш билан амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид