21:20 / 12.12.2018
118401

Отахон жонли эфирда президент билан учрашувга уларни қандай тайёрлашганини сўзлаб берди

«Ўзбекистон» телерадиоканалининг жонли эфирида намойиш этиладиган «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги президент маърузасида кўтарилган долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди. 

Кўрсатувдаги мунозаралар чоғида сўз олган отахон ўтган йили президент Шавкат Мирзиёевнинг Яшнобод туманига ташрифи чоғида маҳалла аҳли билан учрашувидан аввал уларни «яхшилаб тайёрлашгани», «Президентни мақтайсан, сиёсатини мақтайсан», дея роса уқтиришганини гапириб берди.

«Бундан бир йил олдин Яшнобод туманидаги «Ватандош» маҳалласида Президент билан учрашув бўлди. Президентнинг шаффофлиги, очиқлиги ва халқпарварлигини бир оғиз гапидан билиши мумкин. Президент келгунга қадар ҳаммамизни ўргатишди: «Фақат президентни мақтайсизлар, сиёсатни мақтайсизлар», деб. Биз ҳам шунга тайёрландик яхшилаб. Лекин президент кириб келиши билан, катта қора стулга (кресло)ўтирмасдан, «менга оддий стул беринглар, халқ билан оддий стулда ўтириб сўзлашмоқчиман», деди.

Халқ билан бир ярим соат мулоқот қилган президент, шунда бир гап айтди: «Мени мақтаган — менга душманлик қилаётган бўлади. Менга хақиқий таклиф беринглар: нима қилсак коррупцияни йўқотамиз, нима қилсак ҳақиқий тараққиёт йўлига ўтамиз, нима қилсак халқимизни рози қиламиз», деди. Ҳамма лол бўлиб қолди. Чунки ҳамма мақтовга тайёр бўлиб келган эди. 

Президент учрашувда айтилган таклифларни ўша ернинг ўзида ҳал қилиб кетди», — деди отахон «Муносабат» кўрсатувида.

YouTube

Президент 2017 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Яшнобод  туманига ташриф буюриб, тумандаги ишлаб чиқариш соҳаси ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишган, «Ватандош» маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилганди.

Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташрифи чоғида кутилмаганда 32 оилавий поликлиникага кирган ва атрофдаги маҳалла аҳолиси билан ҳам суҳбат қурганди.

Top