Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Конституциявий судга алоҳида ҳуқуқий мақом берилган. У умумий юрисдикция судларидан (туман, вилоят судлари, Олий Суд) фарқ қилиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимияти ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини текширади ва қонун нормаларига расмий шарҳ беради.
Фаолиятига 23 йилдан ошганига қарамай, Конституциявий суд ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, қонун устуворлиги, демократия, инсон ҳуқуқлари, Конституциянинг бошқа қонун ҳужжатларидан устунлигини таъминлашга деярли ҳеч қандай ҳисса қўшмади. Афтидан, ҳукумат бу муаммодан хабардор, чунки 2017 йил 31 майда Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Аммо мана қарийб бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан, Конституциявий суд фаолиятида жонланиш кузатилмаяпти.
Ислоҳотлар муаммо моҳияти ва кўламини тушунишдан бошланиши керак. Қуйида эътиборингизни муаммо кўламига қаратиш мақсадида, Конституциявий суднинг 1995 йилдан 2018 йилгача бўлган фаолиятига тўхталамиз.
1995 йилдан бери Конституциявий суд нечта қарор қабул қилди?
Конституциявий суд бугунгача атиги 32 ҳуқуқий масала юзасидан қарор қабул қилган. Бу йилига ўртача 1,4 қарор қабул қилинди деганидир. Яъни, йилига ҳеч бўлмаса иккита қарор қабул қилинмаган.
Суд фаолиятини декадаларга бўлганда, қуйидаги натижаларни кўриш мумкин:
2000 йилгача 12 қарор (1995 – 0; 1996 – 0; 1997 – 4; 1998 – 6; 1999 – 0; 2000 – 2);
2010 йилгача 18 қарор (2001 – 5; 2002 – 3; 2003 – 2; 2004 – 2; 2005 – 0; 2006 – 3; 2007 – 1; 2008 – 1; 2009 – 1; 2010 – 0)
2018 йилгача 2 қарор (2011 – 0; 2012 – 0; 2013 – 0; 2014 – 1; 2015 – 0; 2016 – 0; 2017 – 0; 2018 – 1).

Диаграммада кўрсатилганидак, Конституциявий суд фаолияти 2002 йилдан кейин кескин сусайиб, 2005 йилдан турғунлик бошланган.
Конституциявий ҳуқуқлар ҳимоя қилинмоқдами?
Конституциявий суднинг асосий вазифаси Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг барча бошқа қонун ҳужжатларидан устунлигини таъминлаш ҳисобланади. Бугунгача қабул қилган қарорлар асосан солиқ, меҳнат муносабатлари, тадбиркорлик фаолияти, лицензиялаш, ижтимоий суғурта, чет эл инвестициялари, адвокатлик фаолияти, Конституциявий суд ваколатлари ва фуқароликни йўқотиш масалалари бўйича бўлиб, бевосита фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича деярли қарор қабул қилинмаган. Шу ўринда Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилган икки истисноли қарорга эътибор қаратиш мумкин. Қуйидаги ишларда Конституциявий суд муҳим ҳуқуқларни ҳимоя қилиб қарор чиқаради, аммо бу қарорлар ҳеч қандай амалий ўзгаришларга сабаб бўлмади.















