Жаҳон | 19:50 / 17.12.2018
42075
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги ҳеч бир мамлакат бундай йўл тутмаган: Нидерландия ўзини денгиздан ҳимоя қилади

Денгизга чиқиш имкониятининг мавжудлиги катта афзаллик ҳисобланади. Унинг ёрдамида денгиз флотига эга бўлиш, балиқчилик соҳасини ривожлантириш, йирик денгиз портларини қуриш ва иқтисодий жиҳатдан кўплаб бошқа афзалликларга эга бўлиш мумкин. Бироқ тақдирнинг бу каби барча ҳадялари у қадар ёқимли эмас. Денгиз нафақат фаровонлик ва ривожланиш манбаи, балки мамлакат аҳолиси учун даҳшатли таҳдид ҳам экан. Бугун гап Нидерландия ва бу мамлакатнинг Шимолий денгиздан қандай қилиб “ҳимояланаётгани” ҳақида боради.

Нидерландия ҳудудининг катта қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашган. Айнан шу сабаб Европанинг ушбу минтақаси аҳолиси ҳудудда ерни қуритиш ишларини олиб боришган. Бу мамлакатда шамол тегирмонларининг кўп миқдорда бўлиши ҳам бежиз эмас: уларнинг бари қуритилаётган ерлардан денгиз сувини ҳайдаш мақсадида ўрнатилган. Нидерландия аҳолиси томонидан барпо этилган кўплаб канал, тўғонлар биргина мақсад - ҳаёт ва ерга ишлов бериш учун янада кўпроқ ерни қуритиш учун хизмат қилган.

Бироқ, XX асрда Нидерландия ўзини янада хавфсиз даражага олиб чиқишга қарор қилди. 20-йилларда Афслёйтдейк номли улкан тўғон қурилиши бошланди ва 1932 йилга келиб қурилиш ишлари якунланди. Ушбу ҳимоя тўғонининг қурилиши 1953 йилда содир бўлган фалокатли сув тошқини вақтида кўплаб инсонлар ҳаётини асраб қолди.

Бироқ мамлакатнинг яна бир нозик жойи мавжуд эди. Бу сув тошқинлари тез-тез содир бўладиган Рейн дарёсининг дельтаси эди. Ана шу ерда, Маас ва Шельда дарёсининг дельталарида тошқинлар вақтида чегаралаш учун бир неча ҳимоя тўғонларини қуришга қарор қилинди. 50-йиллардан бошлаб 90-йилларга қадар бу ерда “Дельта” номли йирик лойиҳа амалга оширилди. Айрим иншоотлар эса ҳозир ҳам модернизация қилинмоқда. Жами 16 минг километрдан ортиқ тўғон ва турли конструкциядаги тошқинга қарши тўсиқлар қурилди.

Нидерландия тарихи – яшаб қолиш учун тугамас курашдан иборат. Дунёдаги ҳеч бир мамлакат ўз ҳудудини денгизда вужудга келган турли тошқинлардан ҳимоя қилиши учун у каби кўп миқдорда йирик ҳажмдаги лойиҳаларни амалга оширмаган. Бироқ глобал исиш ҳамда Тинч океанда сув ортгани сайин аёвсиз Шимолий денгиз билан кураш янада кучайди. Сув тошқинларидан мамлакатни ҳимоя қилиш борасидаги уринишларга қарамай, ҳали нидерландлар учун тўхташга эрта. Денгиз сатҳининг тобора ортиб бориши сабабли ҳозирда мавжуд қурилмалар яқин 50 йил учун етарли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун муҳандислар муаммонинг янги ечимлари ҳақида бош қотиришмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид