Ўзбекистон | 21:10 / 17.12.2018
31884
4 дақиқада ўқилади

Наманганда сирли овозлар: ФВВ бу табиат ҳодисаси эмаслигини айтди, гумбурлаш манбаи номаълумлигича қолмоқда

Наманган вилояти ҳудудида 6 ва 14 декабрь кунлари эшитилган кучли гумбурлаш овозлари манбаи ҳалигача сир қолмоқда.

6 декабрь куни вилоят маркази Наманган шаҳрида, унга ёндош Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Уйчи ва Чортоқ туманларида ҳам кучли овоз эшитилган, аҳоли саросимага тушганди.

Аввалига бу овоз Мингбулоқдаги нефть конида олиб борилган геологик қидирув ишлари билан боғлиқлиги айтилди. Аммо кўп ўтмасдан «Ўзбекнефтгаз» мазкур маълумотни қатъиян рад этиб чиқди.

7 декабрь куни Kun.uz мухбири ҳам кон ҳудудида бўлди ва бу ерда портлаш ёки нефть сизиши аломатлари аниқланмади.

6 декабрь куни эшитилган овоз бўйича изоҳ берган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли томонидан шу бўйича мурожаатлар келиб тушгани, лекин ҳудуддаги газ қуйиш шохобчаларида ҳам, конда ҳам фавқулодда ҳодиса рўй бермаганини маълум қилди.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати эса гумбурлаш табиат ҳодисаси бўлиши ҳам мумкинлигини тахмин қилиб, ўрганишлар давом эттирилаётганини маълум қилди.

ФВВ ҳам, ИИВ ҳам овоз қаердан келганини аниқлай олмади.

14 декабрь куни Наманганда худди шундай қаттиқ гумбурлаш овози такрорланди. Биринчи сафардагидек уйларнинг деразалари ларзага келди. Бу сафарги овоз қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида ҳам эшитилган.

Бу сафар дастлаб Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси муносабат билдирди.

«Овоз эшитилгани рост. Биз шу заҳоти барча туманлардаги бўлинмалар, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, гидрометеорология, сейсмология хизматлари билан тезкор боғланиб олган маълумотларимизга кўра, вилоят ҳудудида ҳеч қандай портлаш ёки табиат ҳодисаси рўй бермаган.  Шунингдек, бошқарма навбатчилик қисмига ҳам фуқаролардан фавқулодда ҳолат ҳақида мурожаат келиб тушмади. Овознинг манбааси ҳозирча номаълум. Уни аниқлаш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Сабаби аниқланса, албатта юртдошларимизга маълум қилинади», — деган бошқарма бошлиғи Б.Ашуров.

Бугун, 17 декабрь куни ЎзА мухбири 14 декабрь кунги овоз бўйича маълумот олиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайдулло Набиев билан боғланди.

«Намангандаги ҳолат юзасидан марказимиз, қолаверса, шахсан ўзим суриштирув ишлари олиб бордим. Шуни айтиш керакки, 14 декабрь куни соат 10.00ларда ва ундан кейин ҳам идорамизга ер қимирлаши, яъни зилзила содир бўлганини билдирувчи ҳеч қандай сигнал келиб тушмаган.

Ушбу масала юзасидан ФВВ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи билан ҳам боғландим. Маълум бўлишича, ўша куни бошқармага ҳеч бир киши гумбурлаш ҳолатидан жабрлангани ёки жиддий зиён кўргани ҳақида шикоят ёки ариза келиб тушмаган. Қолаверса, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзгидрометрология маркази билан боғландим. Марказ маълумотига кўра, гумбурлаш ҳолати кузатилгач Наманган вилояти осмонида об-ҳаво ўзгариши ёки шунга ўхшаш ҳолат содир бўлмаган», дейилган изоҳда.

Ҳозирча вилоят бошқармаси ҳам, вазирлик ҳам овоз сабабини аниқлай олмади.

Мавзуга оид