Ўзбекистон | 20:50 / 17.12.2018
13925
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қарор қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамаси Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги кенгайтирилиши режалаштирилаётган қабристонлар ва уларга ажратилаётган ер майдонлари рўйхати, Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ишларини молиялаштиришнинг асосий параметрлари ва 2018-2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасини таъминлаш учун махсус автотранспорт ва техника воситалари рўйхати тасдиқланди.

Тошкент шаҳар хокимлиги иловага мувофиқ турар жой ва нотурар жой бинолари бузилиши ҳисобига қабристонлар учун ажратиладиган ер участкаларини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига бириктириб бериш чораларини кўради.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳридаги қабристонларни кенгайтириш, Тошкент вилояти ҳудудидан Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига ер майдонлари ажратилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳар чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган даромад қисми маблағлари, захира жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига белгиланган тартибда қоплаб берилиши белгилаб қўйилди. 

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш билан боғлик тадбирларни бажариш - ҳар йили Тошкент шаҳрининг ободонлаштириш соҳаси учун ажратиладиган маблағлар, Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасини махсус автотранспорт ва техника воситалари билан таъминлаш - Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари;

қабристонлардаги электр энергияси, газ таъминоти, алоқа тармоғи, ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари - "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбектелеком" АК ва "Сувсоз" ДУКнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. 

Тошкент шаҳридаги қабристонлар майдонларини кенгайтириш ва санитария ҳолатини яхшилаш ишлари бажарилиши мониторингини олиб бориш Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштиришга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича ишчи ryруҳи зиммасига юкланди.

Мавзуга оид