12:20 / 18.12.2018
8571

Музработ туманидаги 12-мактабнинг томи таъмирлаб берилди

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси Музработ туманидаги 12-сонли умумтаълим мактабидаги ҳолат бўйича Kun.uz сайтида ёритилган материал юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Мактабда информатика фани ўқитувчиси бўлган Б.Воҳидов томонидан йўлланган мурожаатда мактаб томи қишки мавсумга тайёр эмаслиги, ёғингарчилик кунларида чакка ўтиши, бу эса бинодаги ўқув жиҳозларига ҳам зарар етказиши ҳақида баён қилганди.

Сайтда эълон қилинган «Компьютерлар устига соябон тутишни бошлаяпман». Музработдаги мактаб нега қишга тайёр эмас?» сарлавҳали материалда (мухбир мактабдаги вазиятни ноябрь ойи охирида бориб ўрганган, мақола декабрь ойида эълон қилинди - таҳр.) 3 қаватли мактаб биноси томидан ўтадиган чакка биринчи қаватга ҳам етиб бориши айтиб ўтилган, юзага келган ҳолат фототасвирлар орқали ифодаланганди.

Мазкур ҳолат юзасидан пудратчи ташкилот «Ўткир Бунёдкор» х/ф томонидан ишлар бошлаб юборилган ва 16 декабрь кунига қадар мактабнинг том қисмига 544 кв.м яшил рангдаги шифер билан алмаштириш ишлари тўлиқ амалга оширилган.

Туман молия бўлими ва халқ таълими бўлими томонидан пудратчи ташкилот «Ўткир Бунёдкор» х/ф билан расмий шартнома шу йилнинг 15 декабрь куни имзоланган бўлиб, айни вақтда томни таъмирлаш ишлари якунига етказилган ва муассасанинг том қисмидан чакка ўтиши тўлиқ бартараф этилган.

Шунингдек, 2019 йил маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабнинг фасад қисми ҳамда эшик ва деразаларини таъмирлаш белгилаб олинган.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top