Ўзбекистон | 19:55
2932
2 дақиқада ўқилади

Музработда фермерлар ҳақоратлангани юзасидан текширув бошланди

Воқеага холис ҳуқуқий баҳо бериш учун Сурхондарёдаги ваколатли идоралар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди. Вилоят ҳокими ҳолатни шахсий назоратига олгани маълум қилинди.

Фото: Музработ тумани ҳокимлиги

Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов ғалла режасини бажармаган фермерларни ҳақоратлагани айтилаётган ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан текширув бошланди.

Ҳолат вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан жиддий эътибор талаб қилувчи масала сифатида баҳоланган.

“Давлат органлари вакиллари ҳамда фермерлар ўртасидаги муносабатлар қонун устуворлиги, ўзаро ҳурмат, инсон қадр-қиммати ва хизмат одоби тамойиллари асосида ташкил этилиши лозим”, дейилади вилоят ҳокимлиги муносабатида.

Маълум қилинишича, воқеанинг барча тафсилотларини ҳар томонлама, холис ва тўлиқ ўрганиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ваколатли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Масала вилоят ҳокимининг шахсий назоратига олинган бўлиб, ўрганиш якунлари ва ваколатли органлар хулосалари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилинади.

Ҳокимлик жамоатчиликдан расмий ўрганиш натижаларини кутишни ҳамда тасдиқланмаган маълумотлар асосида хулоса чиқармасликни сўраган.

Аввалроқ Kun.uz Музработ ҳокимининг овози экани айтилаётган аудиоёзувни эълон қилган эди. Ундаги овоз эгаси ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни сўкиб, улардан режани бир неча соат ичида бажаришни талаб қилган.

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат 15 июн куни ҳокимнинг хизмат хонасида содир бўлган.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид