Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Олтин ўрталик» топиладими? Макроиқтисодиётда кечаётган жараёнлар борасида мулоҳазалар
Бозор иқтисодиётини танлаган ҳар қандай мамлакат ўзининг ички ва ташқи имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш йўлларини излайди ва аҳолининг доимий ўсиб борувчи эҳтиёжларини имкон қадар юқори даражада қондиришга интилади. Бу борада самаралироқ натижаларга эришиш учун иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ваколатини халқ давлат органларига топширади.
Статистик фаолиятни шаффофлик тамойили асосида амалга ошириш, кундан кунга кучайиб бораётган ошкоралик муҳити, ОАВнинг замон талабларига мос тарзда фаолият кўрсата бошлаши мамлакатимиз ҳозиргача иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаганлигини ва бунинг учун хизмат қилиши мумкин бўлган улкан имкониятлар четда қолиб кетаётганини яққол ёритиб берди.
Мамлакатимизда 2016 йилда старт олган кенг қамровли ислоҳотларнинг янги босқичи жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилди. Давлат буюртмаси асосида харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари фермер хўжаликлари самарали ишлашини таъминлайдиган даражагача кўтарилди, молиявий оқимлар энергетика соҳасини керакли инвестицион манбалар билан таъминлашга йўналтирилди, туристик фаолиятни замон даражасига келтириш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.
Инновацион ғоялар, илғор технологияларни тадбиркорлик фаолиятига жадаллик билан жалб этиш натижасида йиллик табиий газ қазиб олиш миқдори 3 миллиард кубометр ёки 9 фоиздан кўпрокка, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш эса қариб 1,5 бараварга кўпайди. Шу билан бирга мамлакатда электроэнергия, рангли металлар ва бошқа стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар ишлаб чиқариш ҳажми юқори суръатлар билан ўсди, хизматлар кўрсатиш, жумладан, йўловчи ва юк ташиш транспорти, алоқа ва туризм хизматлари соҳаларида ҳам яхши натижаларга эришилди.
Фақат қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари яратилган катта имкониятлардан фойдалана олишмади ҳамда бунинг объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Бу сабаблар ичида фермер хўжаликларининг сув таъминотига тегишли қонунчилик замонавий талаб даражасида такомиллаштирилмаганлиги энг катта аҳамиятга эга. Аграр соҳа бошқаруви бозор механизми асосида эмас, балки совет давридан қолган марказлашган, режали тизим тамойиллари, бошқача қилиб айтганда, қўл бошқаруви асосида йўлга қўйилганлиги, тегишли вазирликлар ва маҳаллий бошқарув органлари ўртасидаги бошқарув функциялари аниқ қилиб ажратиб қўйилмаганлиги сабабли жорий йилда 2017 йилга нисбатан 600 минг тонна пахта, 2 миллион тоннадан кўпроқ буғдой кам етиштирилди, чорва учун етарли озуқа захираси яратилмади.
Шубҳасиз, бу йўқотишлар янги йилда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, тўқимачилик саноатини зарур хом ашё билан таъминлашда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Стратегик ҳамкор мамлакатлар томонидан таклиф этилган инвестицияларнинг атиги 3–4 фоизи ўзлаштирилди, холос.
Уй-жой қурилиши дастурида кўзда тутилган кўрсатгичлар ҳам бажарилмай қолди. Натижада, жорий йилда ҳам меҳнат бозорига кириб келган ёшларнинг учдан бир қисми ўтган йиллардагидек иқтисодиётнинг ташкилий сектори доирасидан четда қолиб кетди.
Шуларга қарамасдан, йиллик ЯИМ ҳажми 5,2 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда, аммо инфляция даражаси 15 фоиз атрофида бўлиб турган бир шароитда бунақа иқтисодий ўсиш ҳеч кимни қониқтирмаса керак.
Нима учун узоқ йиллар давомида тўпланган номутаносибликлар охиригача бартараф этилмасдан туриб, янгилари вужудга келяпти, қандай йўл тутсак боши берк кўчадан чиқиб кетиш мумкин, деган савол туғилиши табиий.
Чорак аср давомида инкор қилиб келинган бозор муносабатларини тезда шакллантириб бўлмаслиги, шу билан бирга тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар ечимини ҳам узоққа ташлаб қўйиш мумкин эмаслиги аниқ.
2018 йилнинг 7 декабрида президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинган кунга бағишланган йиғилишда бозор иқтисодиёти муносабатлари ҳукмронлик қиладиган тизимга, қанчалик қийин бўлмасин, тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Айтайлик, хорижий экспертлар ёрдамида жадаллик билан Ўзбекистон шароитига мос келадиган қонунларни ишлаб чиқиш қийин эмас. Фақат бу ишлар қачон натижа бериши мумкин?
Буйруқбозликка асосланган иқтисодиётни либераллаштириш, мамлакатимизда маркетинг бизнес фалсафасига айланиши учун узоқ йиллар талаб этилади. Бошқача қилиб айтганда, раҳбар ходимларда узоқ йиллар давомида шаклланган дунёқарашни ўзгартириш энг қийин масала.
Нега деганда, давлат мулкига нисбатан хусусий мулкнинг устунлиги, давлатнинг иқтисодий фаолиятга имкон қадар кам даражада аралашуви, иқтисодий ресурслар тармоқлар ва ҳудудлар орасида бюрократик тўсқинликларсиз эркин ҳаракатланиши, ночор ишлаб чиқариш субъектлари ҳамда банкларнинг оммавий тарзда банкрот бўлишига йўл очиб берадиган муносабатларга тайёр бўлишимиз керак.
2019 йилги давлат бюджетини шакллантириш жараёнида бу тамойиллар умуман четга суриб қўйилган, аксинча, у иқтисодий ресурсларни мисли кўрилмаган даражада марказлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон иқтисодиётида вужудга келган шароитда қандай йўл тутиш тўғрилигини ҳеч ким аниқ қилиб айта олмаса керак.
Балки Сингапурга ўхшаб аввал маъмурий бошқарув услубларини устун қўйиб мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ҳолатга келтириш мақсадга мувофиқдир? Бунинг учун давлат бошқарув аппаратини ЯИМ ҳажмига мос даражагача қисқартирсак, турли поғонадаги бошқарув органлари функцияларини аниқ қилиб ажратиб олсак, бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб иқтисодий-ижтимоий муаммоларнинг тезроқ ечилишига йўл очилиб қолар.
Албатта, бир хулосага келишдан олдин мустақиллик йилларида ижобий ва салбий натижаларга асос солган ҳукумат қарорларини чуқур ўрганиш, уларни бошқа мамлакатлар амалиёти билан солиштириш, бунинг учун қуйидаги оддий саволларга жавоб топа олишимиз керак.
Нима учун ислоҳотларнинг янги босқичи даврида ҳам маркетинг фанига асосланиб қарорлар қабул қилиш йўлга қўйилмади, наҳотки 4 миллион гектар суғориладиган ерлар мавжуд бўлиб туриб, картошка хориждан келтирилса, 1,5 миллион гектар ерга ғалла экилиб, четдан 2 миллион тонна буғдой сотиб олинса, 7–8 миллион бош қорамолни меъёрлар асосида озуқа билан таъминлаш имконияти топилмаса? Бунақада ҳар йили ярим миллион кишига кўпаётган мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигига қачон эришиш мумкин? Жавобдан кўра саволлар кўпроқ.
Наҳотки Ўзбекистонда соҳага тегишли юзлаб профессор ва доцентларда илмий асосланган таклифлар бўлмаса? Балки фермер хўжаликларини агроном, ҳисобчи, муҳандислар билан таъминлаш масаласига бефарқ бўлган, 25 йил оғзига сув олиб юрган ёки ғалла мустақиллиги шиори остида илмий даражага эга бўлиб олган олимлардан янги ғоялар кутиш мантиқсизликдир. Йўқса, президентимиз таъбири билан айтганда, мавжуд муаммолар устида ўзимиз бош қотирмасак, бизга уларни ким ечиб беради?!
Харид нархлари жаҳон нархларига яқинлаштирилган бўлса-да, пахта ва ғаллани етиштиришда қатнашган деҳқонларнинг бир қисми бу йил ҳам маош олмасдан ишлаганини таҳлил қилишга қодир биронта ватанпарвар иқтисодчи олим борми ўзи? Қачонгача хўжаликлар моддий таъминоти учун жавобгар ташкилотлар четда қолиб кетиб калтак деҳқоннинг бошига бориб тушишининг томошабини бўлиб юраверамиз?
Балки олимларни кўпроқ саноат соҳаси қизиқтирар? Ундай бўлса, улар ички бозор сиғими торайиб бораётган бир шароитда ўз маҳсулотини жаҳон бозорларига рақобатбардош қилиб ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлмаган минглаб янги корхоналарни рўйхатга олишнинг асосий сабабларини ўрганиш ва илмий хулосалар тайёрлаш ҳаракатини қилиб кўрарлар?
Ташқи савдо фаолиятида салбий натижаларга олиб келаётган омилларни ўрганиш ҳам илмий изланишлар учун катта майдон. Тўғри, эскидан қолган ибора бор: ташаббус жазоланади. Шу сабабдан, мамлакат иқтисодиётида юз бераётган муаммоларни кўриб туриб ич-ичидан куюниб юрган пок виждонли олимлар қандай йўл тутиши керак?
Бунинг учун республика вазирликлари ночорликларини тан олиб олимларга ўзлари мурожаат этишларининг пайти келгандир? Ишлар шундай давом эттирилса ва янги солиқ концепциясида кўзда тутилган тадбирлар кутилган натижаларни бермаса, 2019 йилда инфляция даражаси жорий йилникидан ҳам юқорироқ бўлиши, натижада эса ижтимоий соҳадаги кескинлик кучайиши мумкин. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Хулоса шуки, мамлакатимиз иқтисодиётининг келажакда барқарор ривожланишини таъминлаш бошқарув фаолиятида қўлланиладиган маъмурий ва бозор услубларидан фойдаланишнинг «олтин ўрталиги»ни топишга боғлиқ.
Илҳом ВАФАЕВ, иқтисодчи. Самарқанд шаҳри.