Қабристон учун ажратилган ер нега аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда? Паст Дарғомдаги ечимини кутаётган муаммо
Бу дунёда ҳеч ким мангуликка дохил эмас. Сўнгги борар манзили аниқ. Шу боис ҳам қабристонларни покиза сақлаш ва ободонлаштириш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.
Бу борада аниқ тартиб-қоидаларни ўзи ичига олган бир қатор меъёрий ҳужжатлар ҳам мавжуд. Шунга асосан дафн этиш жойлари учун ер ажратиш, ташкил қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш белгиланган қоидаларга асосан амалга оширилади.
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманидаги Ровот маҳалласида истиқомат қилувчи кишилардан келиб тушган мурожаатда айнан қабристон учун ажратилган қўшимча ер масаласида норозилик баён этилган.
Ушбу мурожаатни ўрганиш учун қишлоққа йўл олдик. Шикоят йўллаган фуқаролар билан кўришдик ва уларнинг эътирозларини тингладик.
«Уйимиз яқинида маҳалламиз қабристони жойлашган. Хонадонлар ва қабристон орасида 100 метрга яқин бўш ер бор эди. Яқинда туман ҳокими шу жойни қабристон ҳудудига қўшиш ҳақида қарор чиқариб берибди. Энди қабристон девори уйимизнинг ёнидан тушяпти. Муҳофаза ҳудудлари ва санитария меъёрлари инобатга олинмаяпти», – дейишди қабристонга яқин истиқомат қилувчилар.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 октябрь куни Паст Дарғом тумани ҳокимининг Ровот маҳалласи Қ.Тўраев массиви ҳудудида жойлашган туман ҳокимлиги захира ер майдони ҳисобидан мавжуд бўлган қабристон тўлгани сабабли 98-контурдаги 0.49 гектар ер майдони қўшиб берилиши ҳақида қарори чиққан.
Аммо туман ҳокими қарори етарлича ўрганилмасдан чиқарилган. Сабаби, қабристон ҳудудини кўздан кечирганимизда ҳали 2 гектардан зиёд бўш ҳудуд борлигига гувоҳ бўлдик.
Қолаверса, ушбу қарор чиқарилиши қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга қанчалик тўғри келади?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида туман мутасаддилари билан суҳбатлашдик.
2010 йил 27 декабрдаги «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш экологик экспертиза хулосаси ва санитария-гигиеник хулоса бўлган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда диний ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши қайд этилган.
Паст Дарғом туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бош мутахассиси Алишер Қиличев бизга тақдим этган туман ҳокими қарори ва унга тегишли ҳужжатларда Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган давлат экологик экспертизаси хулосаси ва туман янги қурилиш иншоотлари учун ер танлаш ва ажратиш ҳайъати далолатномаси мавжуд. Аммо санитария-гигиеник хулоса мавжуд эмас.
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган давлат экологик экспертизаси хулосасида ҳам қабристон тўлиб қолгани кўрсатилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, қабристон ҳудудида ҳали 2 гектардан зиёд бўш ер мавжуд. Демак, ҳолат етарлича ўрганилмасдан хулоса қилинган.
Бу масалада туман давлат санитария эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Баёт Адировдан изоҳ сўрадик.
«Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Қабристонларни жойлаштириш ва сақлаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон шароитида аҳоли пунктларини лойиҳалаш, қуриш ва жойлаштириш тўғрисида»ги санитария меъёр ва қоидалари ишлаб чиқилган. Уларга кўра, қабристонларнинг санитария ҳимоя зонаси энг камида 100 метр деб белгиланган», – дейди мутахассис.
Унда қабристон ҳудудига қўшимча ер ажратилишида нега бу тартибга амал қилинмаган? Туман янги қурилиш иншоотлари учун ер танлаш ва ажратиш ҳайъати таркибида бўлган туман ДСЭНМ бош врачи Ш.Мирзаева далолатномага имзо чекаётганда нега бу меъёрларни инобатга олмаган? Ахир, ҳозирда қўшимча ер ажратилгандан кейин хонадонлар ва қабристон ораси бор-йўғи 10-12 метрни ташкил қилади.
Бу борада туман ДСЭНМ бош врачи Ш.Мирзаева билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.
Аниқланишича ушбу ҳолатдан норози бўлган фуқаролар анча йиллар аввал ноқонуний қурилишларни амалга оширган. Қурилган бинолар 2009 йилда бузиб ташланган. Бунга эса ўша вақтдаги туман ДСЭНМ бош врачининг «қабристонларнинг санитария ҳимоя зонаси энг камида 100 метр деб белгилангани» ҳақидаги хулосаси сабаб бўлган. Ўша пайти амал қилинган тартиб, ўша ер қабристонга қўшиб берилишида эътиборсиз қолдирилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани ҳокими Б.Садуллаев билан учрашдик.
«Равот маҳалласининг бир гуруҳ фаоллари қабристонга қўшимча ер ажратишни сўраб мурожаат қилганди. Бу масалада Президент виртуал қабулхонасига, вилоят раҳбариятига ва яна бир қатор ташкилотларга ҳам шикоят қилишди. Ҳатто мени ҳам бу ишга эътиборсизликда айблашган. Шуни инобатга олиб, уларнинг истагини бажардик. Аммо бу маҳалланинг яна бир гуруҳ аҳолиси манфаатларига зид келди. Шу туфайли муаммо келиб чиқди. Албатта, бу масалани яна кўриб чиқамиз. Норози фуқаролар ўз ҳуқуқлари таъминланиши учун бемалол тегишли тартибда судга мурожаат қилишсин. Агар қарор белгиланган меъёрларга жавоб бермаса, унда суд қарори билан уни бекор қиламиз», – дейди туман ҳокими.
«Ҳамманинг борар жойи шу ер. Қабристон ҳудуди кенгайтирилганига эътирозимиз йўқ. Аммо белгиланган тартибга амал қилишсин. 100 метр бўлмаса ҳам 25-30 метр санитария ҳимоя ҳудуди қолдиришса яхши бўларди», – дейди Алиқул Мустофоев.
Айни вақтда мазкур масала юзасидан шундай низоли ҳолат юзага келган. Мазкур масалага туман мутасаддилари жиддий эътибор қаратишса муаммога ижобий ечим топилиши шубҳасиз.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
23:03 / 08.11.2024
Самарқандда уйда тайёрланган консерва маҳсулотларидан еган бир оиланинг 4 аъзоси заҳарланди
10:41 / 20.07.2024
Россия қабристонларни кенгайтириш учун давлат харажатларини уч баравар оширди
20:07 / 15.05.2024
Хандаққа қулаган уй. Нега бундай бўлди?
17:45 / 15.05.2024