Ўзбекистон | 18:55 / 18.12.2018
5222
2 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари "Росатом" Бош директори биринчи ўринбосари билан учрашди

18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Борий Алихонов, "Ўзатом" бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов ва қатор депутатлар "Росатом" давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Локшин бошчилигидаги делегация билан учрашишди. Унда тинчлик мақсадларида атом энергетикасидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон делегациясининг Нововоронеж АЭСга ташрифи якунларига тўхталиш билан бирга, тинчлик мақсадларидаги атом энергетикасини ривожлантиришга оид қонунчилик, норматив-ҳуқуқий масалалар ҳақида сўз юритилди. 

Александр Локшин айни дамда дунёнинг 12 мамлакатида 36 энергоблокни қураётган "Росатом" давлат корпорацияси фаолияти ва тажрибасига доир маълумотлар билан бўлишди. У Ўзбекистонда қурилиши кутилаётган энергоблок "3+" авлодига мансуб бўлиши ҳамда хавфсизлик бўйича барча талаблар, шунингдек Халқаро атом энергетикаси агентлигининг замонавий талаблари ва тавсияларига тўлиқ жавоб беришини таъкидлади. 

Учрашув давомида таклиф этилаётган Россия технологияси зилзила, довул, цунами, самолёт қулаши каби ҳодисалардан ҳимоялангани қайд этилди. Энергоблок эксплуатация хавфсизлиги ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминловчи икки ҳимоя қобиғига эга. Энергоблокнинг хизмат муддати 60 йилни ташкил қилади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан муҳокамалар давомида АЭС учун майдон танлаш, лойиҳалаштириш, қуриш ва кафолатли эксплуатациясига доир масалаларни ҳуқуқий тартибга солишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. 

Таъкидланишича, атом электр станциясининг эксплуатация қилиниши йилига 3,7 миллиард кубометр табиий газни тежаш, иссиқхона газларининг атмосферага чиқишини камайтириш, жумладан, 14 миллион тонна карбонат диоксиди ва 36 минг тонна азот диоксидининг атмосферага чиқиши олдини олиш, аҳолини янги ишчи ўринлари билан таъминлаш (АЭС қурилиши даврида - 8000 дан зиёд, эксплуатация даврида - 3000) имконини беради. 

Мавзуга оид