Жаҳон | 17:22 / 18.12.2018
5686
2 дақиқада ўқилади

Трамп муҳим фармонни имзолашга тайёрланмоқда. АҚШда космик қўмондонлик пайдо бўлади

Фото: AP Photo/John Raoux

АҚШ президенти Дональд Трамп яқин вақт ичида космик қўшинлар қўмондонлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаши мумкин. Бу ҳақда Associated Press агентлиги америкалик амалдорларга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, Трамп тегишли фармонни йил охиригача имзолаш ниятида, бироқ бу шу ҳафтадаёқ юз бериши мумкин - 18 декабрда. Америкалик икки амалдорнинг сўзларига кўра, АҚШ вице-президенти Майк Пенc Флорида штати, Канаверал бурунидаги Кеннеди космик марказида тегишли баёнот беради. Таъкидланишича, бу буйруқ Трамп аввал эълон қилганидек, АҚШ қуролли кучлари таркибида космик кучлар алоҳида тармоқ сифатида ташкил этилишини англатмайди, аммо йўналишдаги аниқ қадам ҳисобланади.

AP’нинг қайд этишича, бу қадам узоқ ва мураккаб жараённи бошлайди, у Пентагондан турли космик бўлинмалар ҳамда барча ҳарбий хизматлардан агентликларни нисбатан мувофиқлашган ва мустақил ташкилотга бирлаштиришни талаб қилади.

АҚШнинг мавжуд космик қўмондонлиги янги тузилмага киради, у АҚШ киберқўмондонлиги каби мақомга эга бўлади, дея таъкидланади материалда.

Янги тузилма аслида 1985 йилдан 2002 йилгача мавжуд бўлган АҚШ космик қўмондонлигини қайта яратади, дея қўшимча қилиб ўтган агентлик. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Пентагонга 750 миллиард доллар ажратишга рози бўлганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид