Жаҳон | 23:24 / 21.12.2018
25565
3 дақиқада ўқилади

Forbes йил давомида энг кўп пул йўқотган ва топган миллиардерлар рўйхатини тузди

Фото: Forbes

Forbes бир йил ичида энг кўп маблағ йўқотган ва энг кўп даромад олган миллиардерлар рейтингини тузди

Энг кўп маблағ йўқотган миллиардерлар рейтингида Марк Цукерберг етакчилик қилмоқда. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, Facebook асосчиси 2018 йилда 18,7 млрд доллар йўқотган. Бунга компанияда маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ можаролар сабаб бўлган.

2-ўринни Inditex эгаси Амансио Ортега эгаллаган. Унинг компаниясига Zara, Oysho, Massimo Dutti, Bershka, Pull and Bear брендлари тегишли. Чакана савдо ўсиши секинлашиши оқибатида Inditex акциялари арзонлашган. Оқибатда Ортега бир йил ичида 16,2 млрд доллар йўқотган.  

Етакчи ўнталикдан подшипниклар ишлаб чиқарувчи Schaeffler компанияси асосий акциядори Георг Шеффлер (-14 млрд доллар), Tencent интернет-компанияси асосчиси Ма Хуатэн (-10,1 млрд доллар), Мексиканинг энг бой одами ва America Movil компанияси эгаси Карлос Слим Элу (-9,3 млрд доллар), Anheuser-Busch InBev’нинг асосий акциядори Жорже Паоло Леманн (-9,2 млрд доллар), TCC Group раиси Чароен Сиривадханабхакди (-7,24 млрд доллар), Макаодаги иккита казино эгаси Поллианна Чу (-7,2 млрд доллар), S.F.Holding’нинг асосий эгаси Ван Вэй (-6,7 млрд доллар) ва Lens Technology асосчиси Чжоу Цюньфэй (-6,3 млрд доллар) жой олган.

Нашр талқинига кўра, 2018 йилда энг кўп даромад олган киши Amazon асосчиси Жефф Безос бўлди. Нашрнинг ҳисоблашича, унинг бойлиги йил давомида 27,9 млрд долларга кўпайган. 2-ўринни Япониянинг энг бадавлат одами, Fast Retailing асосчиси ва президенти Тадаси Янаи 7 млрд доллар билан эгаллади. 3-, 4- ва 6-ўринларни россиялик миллиардерлар Вагит Алекперов (+4,6 млрд доллар), Леонид Михельсон (+4 млрд доллар) ва Геннадий Тимченко (3,8 млрд доллар) эгаллаган. 

Рейтингнинг 4-ўрнини америкалик медиамагнат Руперт Мердок 4,6 млрд долларлик ўсиш билан эгаллаган. 7-ўринни Microsoft’нинг собиқ бош директори Стив Балмер (+3,4 млрд доллар), 8-ўринни ҳиндистонлик бизнесмен Мукеш Амбани (+3 млрд доллар), 9-ўринни Microsoft асосчиси Билл Гейтс (+2,9 млрд доллар) ва охирги 10-ўринни Элон Маск (+2,8 млрд доллар) эгаллаган. 

Мавзуга оид