Ўзбекистон | 14:33 / 22.12.2018
34687
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида неча нафар маҳалла раиси жиноят содир этгани айтилди

2018 йил 22 декабрь куни Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. 

Фото: senat.uz

Тадбирда вилоятда жорий йилнинг ўн бир ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, вилоятдаги 1087та маҳалланинг 838тасида ёки 77,1 фоизида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилиб, уларнинг деярли ҳар тўртинчисида жиноятлар сони ошган.

Бунга ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар динамикаси тўлиқ таҳлил қилинмаганлиги, етарли малака, иш стажи ва тажрибага эга бўлмаган профилактика инспекторларининг тайинланиши ҳамда куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланмаганлиги омил бўлаётгани қайд этилди. 

Ҳисобот даврида Самарқанд вилоятидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 7 нафар ходими (5 нафар маҳалла раиси, 2 нафар масъул котиб) томонидан жиноятлар содир этилгани афсус билан қайд этилди.  

Йиғилишда урғу берилган яна бир масала вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг содир этилаётгани бўлди. Қайд этилганидек, бундай жиноятлар сони Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пахтачи, Нарпай туманларида ортган. Ўсмирлар жиноятчилигининг асосий сабаблари қаторида улар орасидаги профилактика ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. 

Фото: senat.uz

Тадбир якунида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Йиғилишда Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев иштирок этди.

Мавзуга оид