Жамият | 20:47 / 24.12.2018
20312
12 дақиқада ўқилади

Намунавий уй-жойлар газ билан таъминланиши керакми? – Хонқа тумани, Олажа қишлоғидаги вазият

Хоразм вилояти Хонқа тумани Олажа қишлоғидаги Ширин маҳалласида барпо қилинаётган намунавий уй-жойларни харид қилган фуқаролар Kun.uz`га мурожаат билан чиқишди. Уларни бу уй-жойларнинг газ билан таъминланмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар хавотирга солган.

«Хонқа тумани ҳокимияти ва газ идораси Олажа қишлоғидаги янги уйларга газ берилмаслиги ҳақида айтишмоқда ёки «ҳали аниқ эмас» деб, изоҳдан қочишмоқда. Шу ерга яқин бўлган ҳудудларда газ бўлса, нега янги уйларга газ берилмаслиги керак? Намунавий уй-жойларда газ бўлмаса, янги қурилган уйларнинг деворлари нураб, расво бўлади-ку? Бундан ташқари, қишда қандай қилиб бу уйларда яшаш мумкин? Дастлабки бадал учун 75 миллион сўм тўладик, яна 20 йил давомида 512 миллион сўм тўлашимиз керак, нега энди газсиз ўтиришимиз керак? Бу янги аҳоли пунктида кам таъминланганлар, ногиронларга ҳам уйлар берилди. Энди улар ҳам ўтин чопиб келиб уйни иситиши ёки газ баллонларни орқалаб, навбат кутиб, газ тўлдириши керакми? Илтимос, шу мавзуни ёритинглар», - дейилган эди мурожаатда.

Вазиятни ўрганиш учун Хонқа тумани, Олажа қишлоғи, Ширин маҳалласига бордик.

Дастлабки маълумот ўрнида айтиш керакки, 2016 йил 21 октябрда қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш мақсадида «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Дастурга асосан, Ширин маҳалласида ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар, шунингдек ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган жами 124та уй-жой қурилиши бошланди. Айни пайтда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ буюртмачилигида ва 10та корхона пудратчилигида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳали ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилгани йўқ.

Шу йилнинг август, сентябрь ва октябрь ойларида тумандаги кам таъминланган, ногиронлиги бор шахслар яшаётган 20дан ортиқ оилаларга майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштирилган 3 хонали уйлар топширилган. Ҳудуднинг бир қисмида жойлашган уйлар тезкор равишда қуриб, битказилган ва эгаларига берилган. Уйлар нархининг дастлабки бадали Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига асосан тўлаб берилган.

Ширин маҳалласида шу оилалар билан учрашиб, яшаш шароити, турмуш тарзи билан танишдик. Шунда газ етказиб берилмаслиги ҳақидаги миш-мишлар асосли экани маълум бўлди. ОАВ вакили эканимизни билишгач, оилалар ўзларини қийнаётган бошқа ижтимоий муаммоларни ҳам ёритишимизни илтимос қилишди.

Ногиронлиги бор фарзандини тарбиялаётган Болжон Шариповани эшитамиз: «Газ йўқ, уйлар совуқ шароитда яшаяпмиз. Фарзандимнинг тутқаноғи бор, унга уйда қараб ўтиришга мажбурман. Аввалроқ касаначилик учун тикув машинаси олгандим, фақат август ойигача иш бўлди. Шундан сўнг, иш тўхтаб қолди. Ҳозир фарзандимнинг 400 минг сўмлик пенсиясига кун кўряпмиз. Ҳали уйнинг кредит пулини ҳам қайтаришим керак. Унинг қиймати ойига 1 миллионга яқинлашди, нима қилишга ҳайронман».

Ногиронлиги бўлган икки нафар фарзандини тарбиялаётган Қаҳрамон Атажанов оиласидаги аҳвол ҳам шунга ўхшаш: «Газ йўқ, уйларимиз совуқ. Газ етиб бориши қийин бўлган чекка ҳудудда эканмиз. Аммо бундай ҳудудда намунавий уй қурилишини қандай тушунса бўлади? Ҳамма одам яхши шароитда яшашни истайди, аммо вазият мана шундай. Бундан ташқари, бу ҳудудга яқин жойда боғча ёки мактаб ҳам йўқ экан. Болаларимиз йўл транспортида мактабга қатнайди. Кундалик йўлкира харажати ҳам бизни қийнаб қўймоқда».

Кўриш қобилиятида нуқсони бор аёл Умида Сувонова турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан шу уйлардан бирида истиқомат қилмоқда. Унинг сўзларини эшитамиз: «Газ йўқ ва бўлмайди дейишди. Бизга кўмир ёки ўтин ёқиш тавсия қилинди. Котёлга кўмир ва ўтин ёқиб кўрдик. Аммо тез-тез кўмир ёки ўтин қалаб турилмаса, тезда ўчиб қоларкан. Натижада, ярим соатда уй совиб қоляпти. Буни ўчирмасдан, тинмасдан ёқиб, 24 соат қараб туриш керак экан. Қўшнилар 300 минг сўмга ўтин олишди, аммо 10 кунга ҳам етмади. Бир хонани электр печкада иситяпмиз; ток ҳам тез-тез ўчади, натижада уй дарров совиб қолади. Агар яхши шароит бўлмаса, у ҳолда намунавий жойнинг афзаллиги нимада? Бизга печ қуриш тавсия қилинди. Аммо хоналар кичик, агар қурсак, хонанинг деярли ярмини эгаллайди. Кредит тўлови ҳар ойда 1 миллионга яқинлашди. Кам таъминланган оила бўлсак, бунинг харажатини қандай кўтарамиз, ҳайронман. Илтимос, бизга газ беришсин».

Ногиронлиги бор фарзандини тарбиялаётган Гулбаҳор Абдуллаева ҳам яшаш шароитининг қийин эканини айтди: «Совуққа чидамасдан, бир хонани амаллаб иситиб ўтирибмиз, газ йўқ. Кредит учун ҳар ойда 900 минг сўм тўлаяпмиз. Эрим фермада ишчи, ўғлим қурилишда ишлагани Тошкентга кетган. Қизимнинг аҳволи бундай, уни даволатишим керак. Бу боришда ўғлимни қандай уйлантираман, ҳайронман. Газ йўқлигидан котёлни кўмир, ўтин ёқиб иситмоқчи бўлдик. Аммо унга кўмир ва ўтинни тинмасдан қалаб туриш, кимдир ҳамма ишини қўйиб, фақат шу билан шуғулланиши керак экан. Қизимнинг тутқаноғи бор, унга қараб ўтирмасам бўлмайди».

1-гуруҳ ногиронлиги бор Камолиддин Садуллаев шундай дейди: «Ўрнимдан туролмайман, тўшакка михланиб қолганман, хотиним менга қарайди. Совуқда бир хонани иситиб, амаллаб ўтирибмиз. Икки фарзандимга битта этик олиб берганман, навбати билан кийиб, мактабга боришади. Мактаб узоқ, йўл транспортида кетишади. Йўлкирага пул топишга ҳам қийналиб қоламиз. Оилам билан ўзимнинг пенсиямга кун кўряпмиз».

Раимбарган Ражабов оиласида эр-хотин 2 фарзанди билан истиқомат қилишмоқда. Уларнинг гапириш қобилиятида нуқсони бор. Жамила Абдуллаева ҳам гапириш қобилиятида нуқсони бор аёл, эри ва фарзанди билан шу уйлардан бирида яшайди. Улар ҳам совуқда анча қийналиб қолганини имо-ишоралар билан тушунтиришди.

Икки нафар фарзанди ногирон бўлган аёл Замира Ҳамроева ҳам ўз муаммоларини айтди: «Икки нафар ногирон фарзандим бор. Бири ақлан ва жисмонан заиф, яна бири астма-бронхит билан хасталанган. Уларни Тошкентда даволатиб тураман. Совуқ уйда ўтирибмиз. Совуқдан деворлар, мебелларимиз моғорлаб кетган, эшиклар шишиб, ёпилмайдиган бўлиб қолган. Кредит тўлови туфайли бу ойда болаларимни даволашга олиб боролмадим. Илтимос, бизга газ беришсин. Ҳозир ишсизман, касаначилик бўйича уйга иш олмоқчи эдим. Ногирон болаларимга қараб ўтиришим керак, фақат уйда ишлаш имкониятим бор холос. Аммо бу борадаги мурожаатларим ҳал бўлмаяпти».

Кам таъминланган оила сифатида уй-жой олган Зуҳра Саттарова қуйидагиларни баён қилди: «24 йил квартирада яшаганман. Мана уйга эришдим, бундан бошим кўкка етди. Аммо уй жуда совуқ, янги электр печка олишга пулим йўқ. Уйнинг кредитини қандай тўлаш муаммо бўлиб турибди. Набираларимни қуданикига «қишлагани» юборганман. Бундай шароитда шамоллаб, касал бўлиб қолишидан қўрқаман».

Ширин маҳалласида истиқомат қилаётган оилалар газ муаммоси бўйича Халқ қабулхонасига мурожаат қилишган. Жавоб хатида бу ҳудуд газ билан таъминланмаслиги айтилган. Олтинчи туманлараро газ таъминоти бўлими томонидан берилган хулосага асосан, Олажа қишлоғи Ширин маҳалласида қурилаётган уй-жойлар чекка ҳудудда жойлашганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 июлдаги 193-сонли қарорига асосан, газ етиб бормайдиган ҳудуд ҳисобланганлиги учун ёқилғининг бошқа турига ўтиш тавсия қилинган.

Олажа қишлоғидаги намунавий уй-жойларнинг қурилиши буюртмачиси «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ бош инженери вазифасини бажарувчи Абдураҳим Рўзметовдан бу муаммо бўйича изоҳ олдик.

«Намунавий уй-жойлар газ етиб борадиган ҳудудларга қурилиши керак деган шарт йўқ. Чунки, газ таъминоти бўйича ҳеч ким кафолат беролмайди. Газ – табиий бойлик, бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Ҳатто газ етиб борган ҳудудларда қурилган намунавий уйлар ҳам доимий равишда газ билан таъминланади, деб кафолат беролмаймиз. Олажа қишлоғида қурилаётган уйларнинг газ билан таъминланиши сўроқ остида. Шунинг учун ҳам, бу уйларга ҳам газда, ҳам бошқа ёқилғида (кўмир ёки ўтинда) ишлайдиган котёллар ўрнатганмиз. Газ тармоғига уланиш учун пудратчилар ҳамма ишни қилган, ҳатто газ ҳисоблагичларни ҳам ўрнатиб берганмиз. Аммо газ билан таъминлашга ҳеч ким кафолат бермайди», - деди Рўзметов.

Бизнингча, Олажа қишлоғи, Ширин маҳалласидаги янги уйларнинг газ таъминоти муаммоси бўйича қандайдир муқобил ечим топиш керак. Хонқа туманлараро газ таъминоти бўлими томонидан берилган хулосада бу ҳудудда барпо қилинаётган уйлар газ тармоғига уланмаслиги айтилган. Шундан сўнг, пудратчилар томонидан уйларга ҳам газда, ҳам кўмир ва ўтинда ишлайдиган котёллар ўрнатилган. Бироқ, бу котёллар маҳаллий аҳоли ўз уйларига ўрнатадиган печлардан фарқ қилади. Печларга икки марта кўмир ёки ўтин ёқилса, куни билан хонани иссиқ ҳолатда сақлаб туриш имкониятини беради. Ёқилғининг икки турига мўлжалланган котёл эса бундай эмас. Унга кўмир ва ўтин доимий равишда қаланиб туриши керак. Кимдир бу иш билан банд бўлиши керак. Газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда барпо қилинаётган уйларни лойиҳалаштиришда шуни инобатга олиш зарур эди. Ҳали бу ҳудудда ҳамма уйлар қуриб битказилмади, ишлар давом этмоқда. Намунавий уйлар қуриб битказилиб, эгаларига етгач, одамлар кўчиб келганидан сўнг, бу муаммодан норозилар каррасига кўпаяди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида аҳолини қийнаётган бошқа муаммолар ҳам очилиб қолди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, кам таъминланган ва ногиронлиги бор шахслар истиқомат қиладиган оилалар янги уй-жойга эга бўлганидан, Президентимиз топшириғига асосан, уйларнинг дастлабки бадали тўлаб берилганидан боши осмонга етган. Аммо улар уйнинг кредит тўловини қайтаришда жуда қийналиб қолаётганини айтишмоқда. Аксарият оилалардаги ногиронлар, ёш болалар алоҳида парваришга муҳтож, кимдир уларга қараб ўтириши керак. Бундай шароитда, уларнинг қаердадир ишлаб, даромад олиш имконияти йўқ. Имконияти борлари эса тумандаги ишсизлик муаммосидан қийналмоқда.

Баъзи оилаларнинг рўзғор тебратиши, кун кўриши, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар, йўлкира ва бошқа харажатлари ногиронлиги бор шахсларнинг пенсиясига қараб қолган. Бундай шароитда кўмир ёки ўтин олиб уйни иситиш нарида турсин, қора қозонни қайнатиш ҳам муаммо бўлиб турибди.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид