Жаҳон | 23:40 / 24.12.2018
38214
2 дақиқада ўқилади

Беларусь президенти Россияни “қардош” давлат деб бошқа атай олмаслигини айтди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Россияни “қардош” давлат деб бошқа атай олмаслигини айтди. Бу ҳақда “БелТа” ахборот агентлиги хабар берди.  

Лукашенконинг айтишича, Россияда Беларусь билан муносабатлар “қардош” давлатлар ўртасидаги муносабатлардек қабул қилинмаяпти.

“Мен қардош давлат деб бошқа айтмаяпман, чунки менга хабар беришларича, Россияда бу қабул қилинмайди. Гўёки бу тушунча ёт бўлган янги одамлар келганмуш. Нима ҳам қилардик, унда шунчаки шериклар бўламиз”, деб айтган Лукашенко Россия билан ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилишда. 

Беларусь раҳбарининг таъкидлашича, муносабатларнинг “ҳар томонлама кўринишга эга бўлиши” Россия учун ҳам, Беларусь учун ҳам жиддий аҳамиятга эга. 

Лукашенконинг айтишича, Иттифоқдош давлат доирасида имзоланган келишувлар “бажарилмаяпти”. 

Маълум қилинишича, Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан 25 декабрда Москвада учрашади. Икки етакчи ўртасидаги музокараларда жорий йилдаги Беларусь-Россия ҳамкорлигига якун ясалишидан ташқари, икки томонлама ҳамкорликнинг яқин истиқболдаги энг долзарб вазифалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.  

Мавзуга оид